Фармацевтика: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳамкорлик янада кенгаяди
Ўзбекистон – Тожикистон фармацевтика соҳасидаги бизнес-форуми доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Юсуфи Саломуддин бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Форумда Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Давлат назорати хизмати, унинг Суғд вилояти бўйича ҳудудий бошқармаси, «Фармацевтика ва тиббий маҳсулотларни экспертиза ва синовдан ўтказиш» давлат унитар корхонаси вакиллари ҳамда икки мамлакатнинг фармацевтика соҳаси корхоналари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Тожикистон фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш, дори воситалари ва тиббий жиҳозларни маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида Тожикистон делегацияси аъзолари «BioPharma City» фармацевтика кластерида амалга оширилаётган лойиҳалар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма ва маҳаллийлаштириш имкониятлари билан танишди. Шунингдек, Фармацевтика техник университетининг қурилиш жараёни ҳамда таълим имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ва Тожикистон компаниялари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотларда маҳсулотларни Тожикистон бозорига чиқариш, ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш, технологиялар трансфери ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, форум иштирокчиларига Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар намойиши ташкил этилди.
Форум якунида томонлар фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.

Бизнес-форум доирасида Тожикистон Республикаси соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Юсуфи Саломуддин бошчилигидаги делегация «Grand Pharm Logistics» логистика маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Делегацияга марказда фармацевтика маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, саралаш ва етказиб бериш жараёнлари, замонавий омбор инфратузилмаси ҳамда маҳсулотларни сақлаш шароитлари намойиш этилди.

Шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини самарали тақсимлаш, логистика жараёнларини ташкил этиш ва дори воситаларининг сифатини сақлаган ҳолда истеъмолчиларга етказиб бериш тизими ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида фармацевтика маҳсулотларини логистика ва дистрибуция қилиш, икки мамлакат ўртасида фармацевтика маҳсулотлари савдосини ривожлантириш ҳамда соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА