Қуруқликдан океанга: Ўзбекистоннинг Ўмон портларига чиқиш имконияти қандай?
Денгизга бевосита чиқиш имкони йўқ Ўзбекистон учун халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ташқи савдо ва иқтисодий хавфсизликнинг муҳим шартидир. Шу маънода Эрон орқали Ўмон портларига чиқиш мамлакатимизнинг жаҳон савдо тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун истиқболли ҳисобланади.
2026 йил 16-17 ноябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлигига амалга оширадиган давлат ташрифи ҳам ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти. Бу борада мавжуд салоҳият ва истиқбол юзасидан ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Асадбек Султонбоев билан суҳбатлашди.
– Ўмон портларига чиқиш имконияти Ўзбекистоннинг ташқи савдо географияси ва транспорт мустақиллигига қай даражада таъсир кўрсатади?
– Ўзбекистоннинг денгизга бевосита чиқиш имконияти йўқлиги ташқи савдо логистикасида қўшимча масофа, вақт ва харажат келтириб чиқаради. Шу боис муқобил транспорт йўналишларини шакллантириш мамлакатимиз учун оддий инфратузилмавий вазифа эмас, балки иқтисодий хавфсизлик ва ташқи бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириш билан боғлиқ стратегик масаладир. Шу маънода мамлакатимизга Араб денгизи ва Ҳинд океани ҳавзасига чиқиш имконини берувчи порт инфратузилмасига эга Ўмон билан ҳамкорлик жуда муҳим. Хусусан, халқаро савдо занжирида муҳим ўрин тутадиган Салала, Соҳар ва Дуқм портлари маҳсулотларимизни Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Африка бозорига етказиш учун қўшимча имконият яратади. Бу жараёнда асосий масала фақат денгиз портига етиб бориш эмас, балки ушбу йўналишнинг иқтисодий жиҳатдан рақобатбардошлигини таъминлашдир. Агар юк етказиб бериш муддати ва транспорт сарфи мақбул даражага туширилса, Ўмон портлари орқали савдо қилиш экспортчиларимиз учун жозибадор муқобил йўналишга айланади. Энг муҳими, транспорт йўналишлари кўпайиши ташқи савдода бир транзит йўналишга боғланиб қолишдан асрайди. Натижада халқаро логистикадаги узилиш ва геосиёсий беқарорлик шароитида мамлакатимиз иқтисодиёти мустаҳкамланади.
– Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон йўлагини ривожлантириш имконияти қандай? “Ашхобод келишуви” ва “Asyad Group” билан ҳамкорлик нечоғли аҳамият касб этади?
– Мазкур транспорт йўлаги Марказий Осиё мамлакатларини Эрон орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани билан боғлайди. Мазкур йўналишда темир йўл, автомобиль ва денгиз транспорти имкониятини бирлаштириш орқали мультимодал ташув тизими такомиллашади. “Ашхобод келишуви” бу борада муҳим институционал асос вазифасини ўтайди. 2011 йил имзоланган бу ҳужжат Марказий Осиё ва Форс кўрфази мамлакатлари ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқасини ривожлантиришга қаратилган. Табиийки, келишув мавжудлиги йўлак ўз-ўзидан самарали ишлашини англатмайди. Бунинг учун иштирокчи давлатлар божхона тартибини мувофиқлаштириши, чегарадан ўтиш жараёнини соддалаштириши ва юк ташиш тарифини мақбуллаштириши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан “Asyad Group” билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. 2024 йил октябрь ойида имзоланган меморандум логистика имкониятини ўрганиш ва янги савдо йўналишларини шакллантириш учун асос яратди. Эндиги муҳим вазифа келишувни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитишдан иборат. Албатта, Эрон ҳудудидаги транзит жараёни, халқаро санкция билан боғлиқ чеклов, молиявий ҳисоб-китоб ва суғурта масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Булар йўналишнинг иқтисодий самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатадиган омиллардир. Демак, фақат инфратузилмани ривожлантириш эмас, балки ягона логистика занжирини яратиш, юк ҳаракатини рақамли кузатиш ва ташиш жараёнини мувофиқлаштириш ҳам устувор аҳамият касб этади.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмонга давлат ташрифи транспорт-логистика ҳамкорлиги ривожи учун қандай янги имконият яратади? Мавжуд салоҳиятни аниқ иқтисодий натижага айлантириш учун қайси йўналишлар устувор ҳисобланади?
– Давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари билан бойитиш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Айниқса, транспорт ва логистика соҳасидаги мавжуд келишувни амалий босқичга олиб чиқиш учун сиёсий ирода ва идоралар аро мувофиқлашув зарур. Менимча, биринчи навбатда Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон йўналиши бўйича мунтазам юк ташиш механизмини ишлаб чиқишга эътибор қаратиш керак. Бунда ташиш муддати, тариф, бож жараёни ва транзит имконияти аниқ ҳисоб-китоб асосида баҳоланиши лозим. Иккинчи муҳим йўналиш – Ўмоннинг Салала, Соҳар ва Дуқм портлари билан логистика алоқасини кенгайтириш. Хусусан, ушбу портларнинг ихтисослашуви ва географик имкониятидан келиб чиқиб, ўзбек маҳсулотларини муайян ташқи бозорларга етказиш бўйича мақсадли йўналишларни белгилаш мумкин. Учинчидан, “Asyad Group” билан ҳамкорлик доирасида қўшма логистика хизмати, омбор инфратузилмаси, контейнер ташуви ва юкни қайта тақсимлаш марказлари ташкил этиш имкониятини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Яна бир жиҳатни унутмаслик керак: янги транспорт йўлаги муваффақияти имзоланган ҳужжат сони эмас, балки ташилаётган юк ҳажми, етказиб бериш муддати ва экспортчилар учун яратилаётган иқтисодий самара билан ўлчанади.
Ўзбекистон ва Ўмон имконияти бир-бирини тўлдириши мумкин. Бир томонда Марказий Осиёнинг муҳим иқтисодий ва транзит салоҳияти, иккинчи томонда халқаро денгиз савдосига интеграциялашган порт инфратузилмаси мавжуд. Айни имкониятлар ўзаро манфаатли лойиҳалар ёрдамида бирлаштирилса, ҳамкорлик икки давлат иқтисодий муносабатининг муҳим таянчига айланади.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА