Депутат ёки сенатор сўровига вақтида жавоб бермаган мансабдор жавобгарликка тортилади
O‘zLiDeP фракциясининг йиғилишида депутатлик ва сенаторлик сўровлари ижроси учун мансабдор шахслар масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳага мувофиқ, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан депутат ёки сенатор сўровини кўриб чиқишнинг қонунчиликда белгиланган муддатлари ва бошқа талаблари бузилган тақдирда, тегишли палата девонига айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласида судга мурожаат қилиш ёки Бош прокуратурага тақдимнома киритиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Таъкидланганидек, депутатлик сўрови халқ вакилларининг сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолини қийнаётган муаммоларга масъул идоралар эътиборини қаратишдаги муҳим парламент назорати воситаси ҳисобланади. Шу боис, унга ўз вақтида жавоб бериш мансабдор шахсларнинг қонуний мажбурияти ҳисобланади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқ вакилларининг сўровларига эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олиш, давлат органлари масъулларининг ҳисобдорлигини ошириш ҳамда депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА