Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чегаралари қайта белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Қашқадарё билан маъмурий-ҳудудий чегараларини тасдиқлаш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур қарор лойиҳаси маъмурий-ҳудудий чегараларни тартибга солиш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг ўзаро чегараларини қайта белгилашни назарда тутади.
Лойиҳа Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг амалдаги чегара чизиғида жойлашган 58 та ер участкасидаги 1981 гектар яхлит яйлов ва лалми майдонларнинг икки вилоят ҳудудидан кесиб ўтиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан Сурхондарёнинг Қашқадарё билан чегараси “Ҳисор”, “Шилхазар”, “Чап шилхазар”, “Чақчар”, “Сариқия”, “Тюбере оланд”, “Атказа” ва “Чариагил” тоғ тизмалари ва қоялари бўйлаб жами 209,1 км узунликда қайта белгиланмоқда.

Шунингдек, чегарани белгилаш доирасида Сурхондарёдан 983 гектар ер Қашқадарёга, Қашқадарёдан 999 гектар ер Сурхондарёга ўтказилиб, яхлит ерларнинг икки вилоят ҳудудини кесиб ўтиш ҳолатлари бартараф этилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА