Сайёр қабулда муаммоларга ечим изланди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Хатирчи туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Умиджон Адизов, халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Ғофур Алиев иштирок этиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди.
Бугунги кунда аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини эшитиш ва уларга тезкор ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда 300 нафарга яқин фуқаро иштирок этиб, ўзларини қийнаётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Сайёр қабул давомида жами 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг 30 таси жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга расмий сўровлар юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Қабул давомида асосан ижтимоий соҳа, коммунал хизматлар, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан атрофлича ўрганилиб, фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

– Мурожаатлар мазмуни аҳолининг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган масалаларни қамраб олди, – дейди ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов. – Жумладан, учрашувда ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш, яйлов ерлари чегараларини аниқ белгилаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби долзарб муаммолар кўтарилди. Шунингдек, кексалар учун маданий-маърифий саёҳатлар ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Учрашув сўнггида қабулда иштирок эта олмаган имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларига борилиб, яшаш шароити ўрганилди ва уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Хонадонма-хонадон юриш жараёнида 21 ёшида автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолган фуқаро ҳолати ўрганилди. Маълум бўлишича, уни 36 йилдан буён укаси парваришлаб келмоқда. Фуқарони қўллаб-қувватлаш мақсадида унга соғлигини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма берилди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, энг муҳими, инсон қадрини улуғлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири