Кексалар ҳолидан хабар олинди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан ҳудудларда хайрия ва ижтимоий кўмак акцияси ташкил этилмоқда.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида мамлакатимизнинг 1,9 миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашган. Улардан 540 мингдан зиёди ҳалок бўлган, қарийб 160 минг нафари бедарак йўқолган. Айни пайтда Ўзбекистонда 80 нафарга яқин уруш қатнашчиси ва 5 мингга яқин меҳнат фронти фахрийлари истиқомат қилмоқда.


Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларини хотирлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида ташкил этилган акция доирасида ходимлар ва талабалар институт жойлашган Байналминал маҳалласида истиқомат қилувчи нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиб, улар билан самимий суҳбат ўтказди.


Ташриф давомида кекса авлод вакилларининг турмуш шароити ва кундалик эҳтиёжлари билан яқиндан танишилиб, волонтёр талабалар томонидан хонадонларни ободонлаштириш ва маиший ишларда амалий ёрдам кўрсатилди. Ушбу эзгу ташаббус жамиятда меҳр-оқибат, ҳурмат ва эҳтиром муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур акция ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда инсонпарварлик ва катталарга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.


Гулноза Бобоева, ЎзА