Қурилиш материаллари саноатида қандай натижаларга эришилмоқда? – Мутахассис жавоб берди
Бугун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида жорий йилнинг тўққиз ойида эришилган натижаларга бағишланган очиқ мулоқот ва матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳа мутасаддилари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси Илёс Раҳимов сўзга чиқиб, қурилиш материаллари саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари, маҳаллийлаштириш, экологик талабларни таъминлаш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда қурилиш материаллари саноати иқтисодиётнинг етакчи йўналишларидан бирига айланмоқда. Аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида мамлакатда бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиб, импорт ўрнини босувчи, маҳаллий ва рақобатбардош қурилиш материалларига талаб ортиб боряпти.
Тадбирда маълум қилинганидек, 2009-2016 йилларда Ўзбекистонда 8 700 та хонадонли уй-жой қурилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 85 мингта, 2024 йилда эса 100 мингтани ташкил этган. Жорий йилда 140 мингта, 2028 йилга бориб эса йилига 160 мингта хонадон қуриш мақсад қилинган. Бундай кенг кўламли қурилиш ишларида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Бугунги кунда соҳада фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 10 минг 400 дан ошган. 2025 йилда 52,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил этган.
Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 65 триллион сўмга, экспортни 1 миллиард 500 миллион долларга етказиш, 2 миллиард 800 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб қилиш ҳамда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 7,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Илёс Раҳимовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг тўққиз ойида соҳада 46,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,7 фоиз ўсишни англатади. Экспорт ҳажми 1 миллиард 100 миллион долларга етиб, 1,4 баробар ошган. Хорижий инвестициялар ҳажми 3 миллиард 500 миллион долларни ташкил этиб, 176 фоиз ўсиш қайд этилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 5,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш 16,3 фоизни ташкил этган.
Ўн йил аввал мамлакатимиз қурилиш соҳасида маҳаллий қурилиш материалларининг улуши 35-40 фоизга ҳам етмаган. Бугунги кунда эса Ўзбекистонда қурилаётган уй-жойларда фойдаланиладиган қурилиш материалларининг 98 фоизи маҳаллийлаштирилган.
[gallery-31932]
2026 йил 1 июлдан қурилишда ишлатиладиган материаллар умумий ҳажмининг камида 25 фоизи экологик тоза, ресурс тежамкор ва энергия самарадор маҳсулотлардан иборат бўлишига оид талабни текшириш амалиётини жорий этиш белгиланган. Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан такроран фойдаланиш тартиби ҳам белгиланди. Бундан ташқари, паст қувватда ишлаётган 29 та корхона фаолияти ўрганилиб, электр энергияси, газ таъминоти, хомашё ва экспорт билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлар ҳам ўзларини қийнаётган масалаларни кўтариб, соҳа ривожига оид таклифларини билдирди.
Жумладан, “Start Mix” компанияси менежери Шерзод Абдуллаев корхона маҳсулотларига ички бозорда, шунингдек, Қирғизистон, Афғонистон ва Қозоғистонда талаб юқори эканини, бироқ ишлаб чиқариш қуввати етарли эмаслиги сабабли барча буюртмаларни тўлиқ қондириш имкони чекланаётганини айтди.
– Электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли корхонамизни Яккасарой саноат зонасига кўчирдик ва бу масалани ҳал қилдик. Аммо эскирган ускуналар сабабли экологик муаммолар ва чиқиндилар кўпаймоқда. Буни бартараф этиш учун янги ускуналар харид қилишимиз керак. Бунинг учун 250 мингдан 300 минг долларгача маблағ талаб этилади. Ҳозирда хитойлик ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Айнан шу масалалар юзасидан бугунги очиқ мулоқотда иштирок этиб, мутасаддиларга таклифларимизни билдирдик. Улар ускуналар харид қилиш ва экспорт бозорларига чиқиш масалаларида кўмак беришга тайёр эканликларини таъкидлашди, – деди Ш.Абдуллаев.
Офлайн ва онлайн форматда ташкил этилган очиқ мулоқот якунида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва экспортёрларнинг муаммолари тингланиб, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари муҳокама қилинди. ОАВ вакиллари эса ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллар ва тадбиркорлардан жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА