Қашқадарёда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди
Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида экспортёр ва импортёр тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда божхона соҳасидаги ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолиятни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун яратилаётган янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Н. Ҳашимова, масъул ходимлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қатнашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сон фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ҳужжатда божхона тизимини рақамлаштириш, инсон омилисиз расмийлаштирувни кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Белгиланган мақсадларга кўра, 2030 йилга қадар инсон омилисиз божхона расмийлаштируви улушини 60 фоизга, божхона тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини эса 4,4 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, божхона расмийлаштируви вақтини икки баробар қисқартириш ва тадбиркорларнинг божхона органларига ишончини мустаҳкамлаш устувор вазифалар этиб белгиланган.

Очиқ мулоқотда “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси доирасида амалга ошириладиган ишлар ва тадбиркорлар учун назарда тутилган енгилликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, инвойс асосида импорт операцияларида олдиндан тўловни амалга ошириш имконияти яратилгани, экспорт тушумининг камида 50 фоизини таъминлаш талаби бекор қилингани ҳамда миллий валютада қарзга экспорт қилишга рухсат берилгани таъкидланди.
Шунингдек, экспортда божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати, фумигация хизматлари ва товарнинг келиб чиқиш сертификатини олиш билан боғлиқ йиғимлар ҳамда тўловларни 30 фоизга камайтириш белгилангани қайд этилди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Кўтарилган масалалар юзасидан масъул ходимлар тушунтиришлар берди.
Бундай учрашувлар тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ва божхона соҳасидаги янгиликлар ҳақида маълумот бериш орқали ташқи иқтисодий фаолиятни янада қулайлаштиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири