Янги Тошкент — экологик барқарор шаҳар
Янги Тошкент мамлакатимиздаги энг йирик ва замонавий мегалойиҳа, экошаҳар бўлиб, у пойтахтдаги тирбандликни камайтириш ҳамда янги маъмурий, ишбилармонлик ва маданий марказ барпо этиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентга ташриф буюриб, бу ерда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвесторлар ва тадбиркорлар билан учрашди. Шу билан бирга, бир қатор объектларни фойдаланишга топшириш ва янгиларининг қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.
— Янги Тошкент мамлакатимиз тарихидаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан биридир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева. — Замонавий, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳар сифатида барпо этилаётган ушбу маскан замонавий технологик ечимларга асослангани билан янада аҳамиятли. Ҳудудда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилиши, “яшил қурилиш стандартлари” асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари барпо қилиниши режалаштирилгани аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш, экологик мувозанатни сақлаш ҳамда шаҳарнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Эътибор берадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр барпо этилди. Шунингдек, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 7 объектнинг ишга туширилиши ҳудудни ривожлантириш йўлидаги муҳим натижалардан бири бўлди.
Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, Туркиянинг “MIMSAN” компанияси иштирокида барпо этилган тригенерация станцияси 100 минг хонадонни марказлашган тарзда иситиш ва совитиш, шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу каби замонавий технологиялар энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Янги Тошкентда 18 километр автомобиль йўли барпо этилиб, 13 километр канализация ҳамда 4,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қирғоқ бўйлаб 10 километр узунликдаги “Соҳил боғи”да пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилди. “Шарқ баҳори” тураржой мажмуасининг биринчи босқичида қарийб 7 мингта хонадон қурилди. Албатта, бундай инфратузилма объектлари аҳоли учун қулайлик яратиш, ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.
Умуман, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари юртимиз тараққиёти йўлидаги муҳим қадам. Зеро, бундай йирик лойиҳалар нафақат пойтахтимиз, балки бутун мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширади, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, Янги Тошкент яқин келажакда экологик барқарор, яшил тараққиётга асосланган шаҳар сифатида юртимиз қиёфасида алоҳида ўринга эга бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА