Қозоғистон: Қурултой депутатлари қайси лавозим эгаларига савол йўллаши мумкин?
"Казинформ" агентлиги хабар беришича, Қозоғистонда депутатлик сўровига жавоб бир ойдан ошмаган муддатда берилиши шарт. Бугун пойтахт Остона шаҳрида Қурултой регламентини қабул қилиш чоғи сўзга чиққан депутат Снежанна Имашева шу ҳақда айтиб ўтган.
– Регламентнинг муҳим қисми Конституциявий суд, ҳукумат ва Халқ Кенгаши билан ҳамкорликка бағишланган, – деди Имашева ялпи мажлисда. – Жумладан, Конституция ва қонунларда назарда тутилган масалаларни кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланади. Қурултой ваколатига тааллуқли ўта муҳим масалалар бўйича эшитув ҳам назарда тутилади. Парламент назоратининг энг муҳим механизмларидан бири – ҳукумат соати доирасида депутатлар муайян идора вакилининг маърузасини тинглайди. Кейин бош қўмита масъули қўшимча маъруза қилади, депутатлар саволи бўйича муҳокама юритилади. Шундан сўнг тегишли тавсиялар қабул қилинади.
Ушбу чиқиш давомида депутатлик сўрови институти тартибга солингани ҳам таъкидланди:
– Сўровга жавоб бериш муддати бир ойдан ошмаслиги керак. Депутат талаби билан жавоб Қурултой мажлисида бевосита эълон қилиниб, қўшимча савол қўйиш ва муҳокама ўтказишга имкон берилади. Шу тариқа Регламент парламент мулоқоти ва назоратининг бир неча турини умумлаштиради: сўров, савол, ҳукумат соати, эшитув ҳамда ҳукумат билан ҳамкорликка доир махсус тартиб-таомил. Масалан, ВМ маърузаси, ҳукумат аъзоси ҳисоботи ва ҳоказо.
А.Маматов, ЎзА