Қўқонда замонавий ортопедия маркази иш бошлади
Бугун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида хусусий тиббиётнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Аҳолига ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини мамлакатнинг ўзида бажариш имкониятларини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Қўқон шаҳрида хусусий травматология ва ортопедия марказининг очилиши ҳам ана шу жараённинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
– Ушбу марказ нафақат Фарғона водийси, балки мамлакатимизда замонавий хусусий тиббиётни ривожлантириш, аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш йўлидаги янги ташаббус сифатида эътиборга моликдир, – деди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. – Қўқонда янги травматология ва ортопедия марказининг очилишига фақат навбатдаги тиббиёт муассасасининг иш бошлаши сифатида қарамаслик керак. Бу, аввало, ҳудудда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар бозори шаклланаётгани, хусусий секторнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги иштироки кенгаяётганидан далолат беради.

Бугунги ортопедия оддий суяк синишларини даволаш ёки жароҳат оқибатларини бартараф этиш билан чекланмайди. Бу соҳа инсоннинг ҳаракатланиш қобилиятини тиклаш, бўғимлар фаолиятини яхшилаш, сурункали оғриқлардан халос этиш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган мураккаб тиббий йўналишга айланган.
Марказда ортопедиянинг энг мураккаб йўналишларидан бири бўлган бўғимларни эндопротезлаш амалиётларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тизза, сон-чаноқ ва елка бўғимларини тўлиқ ёки қисман алмаштириш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
– Аввал марказ 20 ўринга мўлжалланган бўлиб, 20 нафар мутахассис ишлар эди. Ҳозир 70 та бемор ўрни ташкил этилди ва уларга энди 60 нафар тиббиёт мутахассислари хизмат кўрсатади, – дейди “Қўқон ортосервис” хусусий клиникаси бош шифокори Салоҳиддин Аслонбеков. – Унга 7 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритдик. Бундан ташқари, бу ерда ҳиндистонлик мутахассислар ҳам ҳамкорликда ишлашади. Илгари мураккаб ортопедик операциялар учун беморлар хорижий клиникаларга мурожаат қилишган. Бугун эса мамлакатимизда ҳам халқаро тажрибага эга мутахассислар ва замонавий тиббий технологиялар асосида шундай амалиётларни бажариш имкониятлари кенгаймоқда.
Марказ фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири ортопедия ва травматология соҳасида катта билим ва амалий тажрибага эга бўлган иқтидорли жарроҳларнинг бир жойга жамланганидир.

Уларнинг айримлари Италия, Польша, Америка ва бошқа хорижий мамлакатларда малака ошириб, замонавий ортопедиянинг илғор усулларини ўзлаштирган. Халқаро тажриба, замонавий тиббий технологиялар ва маҳаллий мутахассисларнинг касбий салоҳияти бирлашиши марказнинг асосий устунликларидан биридир.
– Бир ой давомида Американинг ихтисослашган етакчи клиникасида малака ошириб қайтдим. Натижада тизза, елка ва тирсак бўғинларига эндопротез қўйиш тажрибасига эга бўлдим. Энди беморларда бу каби жарроҳлик амалиётларини шу ерда ўтказиш имкони яратилди. Шунингдек, давлат суғуртаси асосида бепул жарроҳлик амалиётини ҳам бажариб келмоқдамиз. Масалан, чаноқ-сон бўғини, тизза бўғинидаги 3-4 даражали кўксоартероз билан касалланган беморларни суғурта асосида операция қилдик. Бир беморнинг сон суягини яхлитлигича алмаштирдик, яъни Ҳиндистонда протезни ясатиб ўрнатдик. Бу ишлар ҳам суғурта асосида амалга оширилди, – деди Салоҳиддин Аслонбеков.
Қўқонда хусусий травматология ва ортопедия марказининг иш бошлаши Фарғона водийси тиббиётидаги муҳим янгиликдир. Халқаро тажрибага эга жарроҳлар, юқори технологияли операциялар ва замонавий тиббий ёндашувлар уйғунлиги келгусида кўплаб инсонларнинг саломатлигини тиклашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов. ЎзА мухбирлари