Тошкент метроси 49 ёшда: ярим асрлик тараққиёт, миллионлаб йўловчи ва келажак авлод олдидаги масъулият
Метро – миллионлаб инсонларнинг вақти, кундалик режаси ва хавфсизлиги билан боғлиқ улкан тизимни қамраб олади.
Мазкур жамоат транспортида куннинг исталган қисмида ҳаёт гавжум. Кимдир ишга шошади, кимдир дарсга, яна кимдир уйига тезроқ етиб олишни истайди. Уларнинг барчасини бир мақсад – манзилга ўз вақтида ва бехатар етиб бориш истаги бирлаштиради.
Тошкент метрополитени бугун 49 ёшда. Бир вақтлар 29 та бекат ва 38 километр йўналишга эга бўлган тизим ҳозирда 50 та бекат, 71 километрдан ортиқ йўналишни қамраб олди. Кунига 1,2 миллиондан зиёд йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
Аммо йўловчилар сонининг ортиши, бекатлардаги гавжумлик, хизматлар сифати, замонавий технологиялар ва хавфсизлик масалалари метрополитен олдига янги талабларни қўймоқда. 2030 йилгача 79 та бекат ва 103 километрлик йўналишга эга бўлиш мақсади қўйилган бир шароитда яна бир муҳим савол туғилади: келажак метроси қандай бўлиши керак ва уни кимлар ривожлантиради?
Шу ҳақда “Тошкент метрополитени” АЖ Метрополитен ёшлар етакчилари кенгаши раиси Миролим Мирҳусанов билан суҳбатлашдик.

–Метро кенгайди. Энди асосий вазифа нима?
– Асосий вазифа – бу ўсишни йўловчи сезадиган қулайликка айлантириш. 49 йил давомида метрополитен катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги етти йилда 33 километр янги йўналиш қурилиб, 21 та бекат фойдаланишга топширилди. Бу пойтахтнинг кўплаб ҳудудларида аҳоли учун янги имкониятлар яратди.
Бироқ, ривожланиш фақат янги бекатлар билан ўлчанмайди. Йўловчи учун энг муҳими – поезднинг ўз вақтида келиши, бекатда хавфсиз ҳаракатланиш ва манзилига ортиқча сарсонгарчиликсиз етиб бориши.
–1,2 миллион йўловчи. Бу катта синов эмасми?
– Албатта. 2021 йилда бир кунда ўртача 280–300 минг нафар йўловчи ташилган бўлса, бугун кўрсаткич 1,2 миллион нафардан ошди. Бундай ўсиш ҳаракат таркиблари сонини кўпайтириш, бекатларнинг ўтказувчанлик имкониятини ошириш ва ҳаракатни самарали бошқаришни талаб этади.
Шу мақсадда 55 та замонавий ҳаракат таркиби харид қилиниб, уларнинг умумий сони 90 тадан оширилди. 2027 йилда яна 14 та беш вагонли ҳаракат таркибини харид қилиш режалаштирилган.

–Поездлар кўпайса, гавжумлик барҳам топади, деб ўйлайсизми?
– Бунинг ўзи етарли эмас. Гавжумликни камайтириш учун поездлар ҳаракати оралиғини мақбуллаштириш, йўловчилар оқимини тўғри тақсимлаш, бекатларнинг кириш-чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳам зарур. Бу масалага комплекс ёндашиш керак.
–Йўловчи учун энг муҳим қулайлик нимада?
– Унинг эҳтиёжини инобатга олишда. Масалан, кекса инсон ёки ногиронлиги бўлган йўловчи учун лифт, болали оила учун она ва бола хонаси, барча учун эса тоза ва хавфсиз муҳит муҳим.
Бугун йўловчилар оқими юқори бўлган 11 та бекатда она ва бола хоналари ҳамда жамоат ҳожатхоналари ташкил этилган. Бир қатор бекатларда эскалаторлар замонавий ускуналарга алмаштирилди.
“Чинор” бекатида турникетлар сони 6 тадан 13 тага етказилиб, кунлик ўтказувчанлик қуввати 15–20 минг нафардан 35–40 минг нафарга оширилди. Тўртта юқори сиғимли лифт ўрнатилди.
Менимча, замонавийликнинг ҳақиқий мезони – барча тоифадаги йўловчилар учун қулай шароит яратиш.

–Метро рақамли шаҳарнинг бир қисмига айланяптими?
– Албатта. Бугун йўловчилар банк карталари, мобил иловалар, ATTO транспорт карталари орқали тўлов қилишлари мумкин. Face Pay ва Palm Pay технологиялари ҳам барча бекатларда жорий этилган.
Шунингдек, бекатларда бепул Metro Wi-Fi хизмати йўлга қўйилган, мобил алоқа қамрови яхшиланган. Бу хизматлар йўловчининг вақтини тежаш ва сафарини қулай ташкил этишга хизмат қилади.

–Экология ҳақида гап кўп. Метро бу борада қандай ҳисса қўшмоқда?
– Метрополитеннинг ўзи экологик тоза жамоат транспорти турларидан бири. Шу билан бирга, электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим. Электродеполар ҳудудларида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бу муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва харажатларни қисқартиришга хизмат қилади.
–Метронинг келажагини техника яратадими ёки инсон?
– Албатта, инсон. Энг замонавий поезд ҳам уни бошқарадиган, техник ҳолатини назорат қиладиган ва хавфсизлигини таъминлайдиган мутахассисларсиз ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди.
Бугун метрополитенда 6 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади. Уларнинг 38 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу катта салоҳият, айни пайтда жиддий масъулият ҳамдир.

–Ёшлар кенгаши уларга нима бера оляпти?
– Энг аввало, ўз фикрини билдириш ва ташаббус кўрсатиш имкониятини. Ёшлар кенгаши фаолиятини фақат тадбирлар билан чеклаб бўлмайди. Ёш ходимларнинг муаммоларини ўрганиш, таклифларини масъулларга етказиш, касбий ривожланишига кўмаклашиш муҳим.
Менимча, ёш мутахассис ташкилотда фақат топшириқ бажарувчи эмас, балки унинг ривожига ҳисса қўшувчи инсон эканини ҳис қилиши керак.
–Ёшлар учун касбий ўсиш имкониятлари етарлими?
– Бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2021–2025 йилларда 335 нафар ходим Тошкент давлат транспорт университети ва Беларусь давлат университетининг қўшма таълим дастурлари доирасида таҳсил олди. Уларнинг 50 фоизини ёшлар ташкил этди.
2024–2025 йилларда электропоезд машинисти ўқув курсларига жалб этилган 246 нафар ходимнинг 150 нафари ёш мутахассислардир.
Бу каби имкониятлар ёшларнинг назарий билимини амалиёт билан бойитишга хизмат қилади. Энг муҳими, уларнинг келажакда малакали мутахассис ва раҳбар бўлиб етишиши учун замин яратади.
–2030 йилдаги метро бугунгисидан нимаси билан фарқ қилиши керак?
– 2030 йилгача кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга, бекатлар сонини 79 тага, йўналишлар узунлигини 103 километрга етказиш мақсад қилинган.
Менимча, келажак метроси учта асосий талабга жавоб бериши керак: хавфсиз, қулай ва замонавий бўлиши лозим. Янги бекатлар қурилиши билан бирга хизмат сифати, рақамли бошқарув, энергия самарадорлиги ва кадрлар салоҳияти ҳам оширилиши зарур.
–49 йиллик метро тарихидан кейинги авлодга қандай мерос қолдиришни истар эдингиз?
– Мен кейинги авлодга фақат янги поездлар ёки кўплаб бекатларни эмас, балки йўловчилар ишончини қозонган, юқори касбий маданиятга эга ва доимий ривожланадиган тизимни қолдиришни истардим.
Чунки техника янгиланади, бинолар қурилади, технологиялар ўзгаради. Аммо тизимнинг обрўсини инсонлар яратади. Бугун биз ана шу масъулиятни ҳис қилиб ишлашимиз керак.
Метронинг энг муҳим манзили – йўловчининг ишончи. Бу манзилга эса фақат янги бекатлар билан эмас, ҳар куни бажариладиган масъулиятли меҳнат билан етиб борилади.

Муҳайё Тошқораева суҳбатлашди.
ЎзА