Қонунбузарлар божхонада фош этилди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан давлат чегараси орқали товар-моддий бойликлар ва валюта маблағларини ноқонуний олиб ўтишга қаратилган бир қатор уринишларга чек қўйилди.
Хусусан, “Навоий” чегара божхона пости орқали мамлакатимиздан чиқиб кетаётган фуқароларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида болалардан фойдаланган ҳолда қонунбузарлик содир этишга уриниш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, гўдак фарзанди билан чегарадан ўтаётган аёлнинг ҳаракатлари текширилганда, чақалоқ таглиги орасига яширилган, умумий оғирлиги қарийб 200 грамм бўлган икки дона тилла қуйма борлиги маълум бўлди. Шунингдек, унинг шахсий буюмлари орасидан божхона назоратига тақдим этилмаган 70 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари ҳам аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, яширинча олиб чиқишга уринилган тилла буюмларининг умумий қиймати 450 миллион сўмни ташкил этган.
Яна бир ҳолатда эса қўшни давлат фуқароси ўзининг 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ долларини яшириб, мамлакат ҳудудидан олиб чиқишга уринган вақтида божхона ходимлари томонидан тўхтатилди.

Амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахслар томонидан юз миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона қоидаларига риоя этилган ҳолда Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат этилади. Ушбу тартиб резидент ва норезидент жисмоний шахсларга бирдек татбиқ этилади. Шу билан бирга, вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка жалб этиш маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Бундай ҳолатда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача жарима қўлланилиши мумкин.
Агар вояга етмаган шахс жиноят содир этишга жалб қилинса, айбдор шахс беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА