Қизилтепа тумани ўлкашунослик музейи — ўтмиш ва бугунни боғловчи маскан
Музейлар — халқнинг тарихий хотираси, миллий қадриятлари ва маънавий меросини ўзида мужассам этган масканлардир. Уларда аждодлар ҳаёти, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи ҳамда маданий тараққиётига оид ноёб ашёлар сақланади. Айниқса, ёш авлодни миллий тарихга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда музейларнинг аҳамияти беқиёс.
Навоий вилоятидаги Қизилтепа туман ўлкашунослик музейи ҳам ана шундай маънавий-маърифий масканлардан бири ҳисобланади. Музей қурилиши 1979 йилда бошланган. Унинг тамал тошини қўйиш маросимида ўша вақтдаги давлат раҳбари Шароф Рашидов иштирок этган. 1981 йил 9 майда қурилиш ишлари якунланиб, музей «Район меҳнат ва шон-шуҳрат музейи» номи билан ўз фаолиятини бошлаган.
Музей дастлаб бир экспозиция зали ва ўнта бўлимдан ташкил топган. 2015–2016 йилларда Қизилтепа тумани ҳокимлиги ташаббуси билан бюджет маблағлари ҳисобидан бино замонавий кўринишда таъмирланган.
Музейнинг асосий вазифаси туман тарихини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, мавжуд экспонатларни асраб-авайлаш, намойиш қилиш ва музей фондини мунтазам бойитиб боришдан иборат.
Бугунги кунда музей фондида жами 3 минг 400 та экспонат мавжуд. Шундан 2 минг 105 таси асосий, 1 минг 295 таси эса ёрдамчи экспонатларни ташкил этади.
Музейда XVI–XIX асрларга мансуб маҳаллий кулоллар ва мисгарлар томонидан яратилган буюмлар, темирчилик, дурадгорлик, ўймакорлик ва бошқа ҳунармандчилик намуналари сақланади. Улар орасида кўза, хум, офтоба, дастшўй, лали, ошхона анжомлари, қишлоқ хўжалиги меҳнат қуроллари ва турли асбоб-ускуналар бор. Шунингдек, музейда 20 та қадимги қўлёзма китоб ҳам мавжуд.
Нумизматика бўлимида қадимги мис тангалар, турли давлатларнинг қоғоз пуллари ва тангалари, кўкрак нишонлари, медаллар ҳамда орденлар жамланган. Этнография бўлимида эса қадимги эркаклар ва аёлларнинг миллий либослари, бош ва оёқ кийимлари, жойнамозлар ҳамда сўзаналар намойиш этилган.
Графика бўлимида Қизилтепа туманининг экин майдонлари тузилиши, Бухоронинг мустамлакачилик давридаги синфий тузилиши, Бухоро амирлигида ер эгалиги ва давлат бошқаруви, Сомонийлар даврида давлатни идора қилиш, Ўрта Осиёнинг араблар томонидан истило этилиши, Қорахонийлар ва Сомонийлар даврига оид тарихий лавҳалар, Транскаспий темир йўли ҳаракати ҳамда Бухоро амирлиги бекликларининг маъмурий бошқарувига доир схемалар тасвирланган график асарлар мавжуд.
[gallery-31955]
Бундан ташқари, музейда техникага оид буюмлар, босма маҳсулотлар, шунингдек, туман табиатига хос чўл ва маҳаллий ҳудудларда учрайдиган ҳайвонлар, паррандалар ҳамда судралиб юрувчи жониворлар намуналари ҳам намойиш этилади.
Маълумотларга кўра, музейга бир йилда ўртача 10 минг нафар киши ташриф буюради. Бу эса туман тарихига, миллий қадриятлар ва маданий меросга бўлган қизиқишнинг ифодасидир.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА