Қишлоқ жойларда Латвия билан ҳамкорликда бандлик лойиҳаси
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти ва самарадорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга оширилмоқда. Ундан кўзланган мақсад барқарор, бозорга йўналтирилган ва инклюзив озиқ-овқат тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш.
Лойиҳа томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг даромадларини ошириш, қишлоқ жойларда бандлик ва даромад имкониятларини кенгайтириш, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир.

- Европа мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, кооперативлар деҳқон хўжаликлари, қолаверса томорқада етиштирилган маҳсулотларни ташқи бозорларда ҳақиқий рақобатбардош қила олади, - дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари бўйича консультанти Дилдора Отажонова. – Бу биз учун айниқса долзарб. Чунки, бугунги кунда Ўзбекистонда 5.2 миллиондан ортиқ оила ўз томорқасида, шунингдек аҳолига ажратилган 220 минг гектар ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирмоқда.
Шу билан бирга, уларнинг аксарияти алоҳида кичик ер майдонларида ишлайди ва етиштирган маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ҳамда экспортга чиқариш масалаларида муайян қийинчиликларга дуч келади. Бу эса ўз навбатида юқори даромад олиш имкониятларини чеклайди.
Бир нечта кичик хўжаликлар бирлашиб битта кооперативга айланганда эса зарур техника, омборхоналар, логистика ва бошқа имкониятлардан биргаликда фойдаланиш имконига эга бўладилар. Бунда экспорт қилишга ҳам қулай муҳит юзага келади.
Ўз тажрибамдан айтадиган бўлсам, бир хўжаликнинг алоҳида кичик ҳажмдаги маҳсулотини сотишдан кўра, катта ҳажмдаги маҳсулотни қулай нархда сотиш анча осон.
Кооперативлар кредит ва субсидияларни ҳам осонроқ жалб қилади, чунки банклар ва жамғармалар алоҳида хўжаликлар билан эмас, балки барқарор кооперативлар билан ишлашни афзал кўради.
Яна бир муҳим устунлик — билим алмашиш: кооператив ичидаги томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари бир-биридан самарали усулларни ўрганади ва замонавий агротехнологияларни тезроқ жорий этади.
Ўйлайманки, ҳудудларда кооперативлар тизими ривожлантирилса, жалб қилинган деҳқон хўжаликларининг экспорт даромади камида 25 фоизга ошиши мумкин.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Ўзбекистонда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти ва самарадорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси мазкур йўналишни ҳудудларда тизимли ривожлантиришга замин яратади. Лойиҳа доирасида томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий ва амалий билимлари оширилади, уларга замонавий агротехнологиялар, маҳсулотни қайта ишлаш ва қадоқлаш усуллари, экспортга чиқиш йўллари бўйича тренинглар ташкил этилади.
Биринчи босқичда Тошкент вилоятида 30 та кооперативга бирлашиш истагини билдирган томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари ўқув‑амалий семинарларда иштирок этади. Уларда кооперативларни ташкил этиш, бошқариш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, логистика ва маркетинг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича зарур билим ва кўникмалар берилади.
Шу орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўз маҳсулотини қўшилган қиймат занжирига интеграция қилиш, харажатларни камайтириш ва бозорда рақобатбардошликни ошириш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа натижасида қишлоқ ҳудудларида аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади, барқарор даромад манбалари шаклланади ва озиқ‑овқат хавфсизлиги мустаҳкамланади

“Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун ҳам бу борада дастуруламал бўлади. Мазкур лойиҳа орқали қишлоқ хўжалигида бандлиги таъминланмаган фуқароларнинг жараёнларда самарали иштирокини таъминлайди ва уларнинг амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида хабардорликларини оширади.
Бу жараёнда менторлик, Латвияга ўқув сафарлари ва старт грантлари тақдим этилади. Олинган амалий тажриба кооперативларни ривожлантириш бўйича қўлланмада умумлаштирилади. Лойиҳа давомийлиги 3 йил бўлиб, 2 617 545 евро маблағ йўналтирилади. Латвия Республикаси Молия ва шартномалар марказий агентлиги (CFCA) ва Қишлоқ хўжалиги консалтинг ва ўқув маркази (LLKC) томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликларини ўқитиш, кооперативларни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, менторлик, ўқув сафарлари ва Европа Иттифоқи тажрибасини қишлоқ хўжалиги консалтинги ва кооперативларни бошқариш соҳасида татбиқ этиш каби техник тадбирларни амалга оширади.
Лойиҳа доирасида 2026 йил июль ойидан бошлаб Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан ўқув-амалий семинарлар ҳамда жорий ҳолатни таҳлил қилиш ишлари амалга оширилади.
2026 йил 8-июлдан бошлаб лойиҳа жамоаси Тошкент вилоятида ўз ишини бошлайди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнлари, деҳқонлар дуч келаётган муаммолар, кооперация имкониятлари, экспортга чиқиш, маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, умумий ресурслардан фойдаланиш ва харажатларни камайтириш бўйича амалий семинарлар ташкил этилади.

Жорий йилнинг июль–август ойларида лойиҳа Самарқанд ва Андижон вилоятларида давом этади. Мазкур ишлар натижасида лойиҳа жамоаси ҳар бир ҳудудда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун энг долзарб эҳтиёжлар ва амалий имкониятларни аниқлаб, кейинги босқичларда мақсадли қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқади.
Натижада қишлоқ хўжалиги кооперацияси орқали қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришнинг янги технологияларини жорий этиш, кичик ишлаб чиқарувчиларнинг бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, харажатларни камайтириш, маҳсулотни қўшилган қиймат занжирига интеграция қилиш ва қишлоқ ҳудудларида аҳолининг барқарор даромад манбаларини шакллантиришга ва иш ўринларини яратилишига эришилади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА