Рақобатда устунлик учун нотўғри реклама қимматга тушди
Рақобат қўмитаси томонидан “TREND” бренди остида ишлаб чиқарилаётган писта маҳсулоти реклама қонунчилигини бузгани учун молиявий жаримага тортилди.
Бу ҳолат бозорда рақобат фақат маҳсулот сифати билан эмас, балки реклама орқали ҳам шаклланишини яна бир бор кўрсатди.
Маълум бўлишича, “MEGA” бренди ишлаб чиқарувчиси мурожаати асосида ўрганилган ҳолатда “TREND” брендининг ижтимоий тармоқлардаги реклама роликларида ўз маҳсулотини рақобатчидан устун қилиб кўрсатувчи, шу билан бирга “MEGA” бренди обрўсига салбий таъсир қилувчи лавҳалар қўлланган.
Аслида писта каби кундалик истеъмол маҳсулотларида харидор танлови кўпинча рекламадаги тасаввурлар орқали шаклланади. Агар маҳсулот ҳақида бир ёқлама ёки чалғитувчи ахборот берилса, бу истеъмолчини нотўғри қарор қабул қилишга олиб келиши мумкин. Бир брендни юқори кўрсатиш учун бошқасини камситиш эса соғлом рақобат тамойилларига зид ҳисобланади.
Қўмита қарори билан “OZIQ OVQAT STANDART KARTON” МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилиб, қонунбузилишни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди. Шу билан бирга, аксилреклама материалларини тармоқларда тарқатган блогерга нисбатан ҳам маъмурий чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бу ҳолат барча ишлаб чиқарувчилар учун муҳим сигналдир. Бозорда ишончни қозониш учун рақобатчини эмас, маҳсулотнинг ҳақиқий сифати ва афзалликларини кўрсатиш муҳим.
Нигора Раҳмонова, ЎзА