58-Халқаро кимё олимпиадасига тайёргарлик якуний босқичда!
Жорий йилнинг 10-19 июль кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳри дунёнинг энг нуфузли фан мусобақаларидан бири – 58-Халқаро кимё олимпиадаси (IChO 2026)га мезбонлик қилади.
Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов олимпиаданинг амалий босқичи ўтказиладиган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб, мусобақага тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирди.
Ташриф давомида лабораториялар, амалий имтиҳон хоналари, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда олимпиадани халқаро стандартлар асосида юқори савияда ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган якуний тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишилди.
Ўзбекистон илк бор мазкур нуфузли халқаро олимпиадага мезбонлик қилмоқда. Ушбу тарихий тадбир мамлакатимизнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги салоҳиятини халқаро майдонда яна бир бор намоён этади. Ташриф давомида мавжуд тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилиниб, амалий синовларни халқаро талаблар асосида ташкил этиш ҳамда барча ташкилий масалаларни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Н.Усмонова, ЎзА