Қишлоқ хўжалигида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича янги лойиҳа таклиф этилди
Қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Бу борада рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва халқаро тажриба янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Мамлакатимизда аграр тармоқни модернизация қилиш, соҳага инвестициялар жалб этиш ва бошқарув тизимига илғор технологияларни татбиқ этишда халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Инвестиция маркази делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон аграр соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, тармоқнинг устувор йўналишларидаги инвестициявий имкониятлардан унумли фойдаланиш, амалдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ташаббусларни ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувнинг муҳим йўналишларидан бири аграр соҳани рақамлаштириш масаласи бўлди. Томонлар бошқарув жараёнларига замонавий ахборот тизимларини кенг жорий этиш, рақамли ечимлар ҳамда сунъий интеллект имкониятларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш истиқболларини кўриб чиқди.
Хусусан, ФАО томонидан соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга қаратилган махсус лойиҳани ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Мулоқот якунида билдирилган таклифлар асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш ҳамда янги ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА