Тошкентдаги барча турар-жойлар ва ижтимоий объектлар иситиш тизимига уланди
Пойтахтимизда иситиш мавсуми бошланди. 12 ноябрь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, барча кўп қаватли турар-жой бинолари ва ижтимоий соҳа объектларида иссиқлик тизими ишга туширилди.
Шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, пойтахтдаги 29 та туғруқхона, 238 та шифохона ва 107 та поликлиника иссиқлик билан тўлиқ таъминланди.
Таълим муассасаларида ҳам бу борадаги ишлар якунига етди. Тошкент шаҳридаги 520 та болалар боғчаси, 35 та ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти, 139 та махсус мактаб ҳамда 217 та олий таълим муассасаси ва талабалар турар жойи иссиқлик энергияси билан таъминланди. Умумий ўрта таълим мактабларини иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш кўрсаткичи 99,7% ни ташкил этиб, жами 357 та бинога иссиқлик энергияси етказилди.
Пойтахтдаги барча 8 939 та кўп қаватли уй иссиқлик энергияси билан тўлиқ таъминланди.
Тизим тўлиқ ишга туширилганига қарамай, айрим биноларда муаммолар юзага келиши мумкин. Агар радиаторлар совуқ бўлса ёки иссиқлик етарлича келмаса, фуқаролар «Veolia Energy Tashkent» компаниясининг диспетчерлик ва Call-марказига ёхуд тегишли бошқарув сервис компаниясига боғланиши мумкин. Тезкор ёрдам олиш учун 1347 ёки (71) 200-00-56 рақамларига қўнғироқ қилиш, шунингдек, @vet_pokazaniya_bot телеграм-ботига мурожаат йўллаш тавсия этилади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА