Миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишда халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистоннинг халқаро савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш кўп жиҳатдан сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, жаҳон стандартларига мосликни таъминлаш ва савдодаги техник тўсиқларни камайтиришга боғлиқ. Шу боис хорижий ҳамкорлар билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тажриба алмашиш ва амалий механизмларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сифат инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига киришини соддалаштириш масалалари Анқара шаҳрида бўлиб ўтган учрашувларда муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ишчи гуруҳининг Туркия Савдо вазирлиги ва Турк стандартлари институти (TSE) вакиллари билан музокараларида техник тартибга солиш, стандартлаштириш, аккредитация ҳамда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди, дейилади агентлик маълумотида.
Таъкидлаш жоизки, 2024–2026 йиллар давомида икки томонлама шериклик доирасида қатор муҳим ютуқларга эришилди. Хусусан, 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис малака оширди. Бундан ташқари, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда менежмент тизимларини сертификатлаштириш (IQNET) ва ҳалол мувофиқликни баҳолаш (HAC) йўналишларида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди.
Учрашувлар давомида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг яна бир муҳим жиҳати, ўзаро маҳсулот айирбошлашни енгиллаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Шу мақсадда мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳукуматлараро битим лойиҳаси ҳамда тегишли маҳсулотлар рўйхати Туркия томонига тақдим этилди.
Музокаралар якунида белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма амалий лойиҳалар кўламини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА