Қишлоқ хўжалигида рақамли инқилоб: Фермерлар учун «FERMER AI» боти ва янги платформалар тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон фермерлари кенгаши томонидан аграр соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва фермерлар фаолиятини модернизация қилишга қаратилган янги инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
«Рақамли фермер — замонавий қишлоқ хўжалиги сари» мавзусидаги ушбу тадбир соҳа мутахассислари, Рақамли технологиялар вазирлиги эксперти, ОАВ вакиллари ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фермерларни бир майдонга жамлади.
Тадбир давомида соҳа ривожига туртки бўлувчи учта муҳим лойиҳа намойиш этилди:
«FERMER AI» телеграм боти — Тадбирнинг бош янгилиги бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-358-сонли қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Сунъий интеллект асосида ишловчи ушбу рақамли ёрдамчи фермерларга дала шароитида тезкор, ишончли ва илмий асосланган маълумотларни олиш, агротехник тадбирлар, об-ҳаво ҳамда зараркунандаларга қарши кураш бўйича реал вақт режимда маслаҳатлар беради. Лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги экспертлари томонидан юқори баҳоланди.

«FERMER MINBARI» ижтимоий тармоғи — Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-51-сонли фармони ижроси юзасидан яратилган. Ушбу виртуал платформа фермерларнинг ўзаро тажриба алмашиши, соҳадаги муаммо ва ечимларни эркин муҳокама қилиши ҳамда тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиши учун хизмат қилади.

«Қишлоқ хўжалиги кооперативлари учун амалий қўлланма» китоби — Янги ташкил этилаётган ва мавжуд кооперативлар фаолиятини ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жиҳатдан тўғри ташкил этиш, уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган ноёб қўлланмадир.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур лойиҳалар юртимизда олиб борилаётган аграр ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, соҳа вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда заҳматкаш деҳқонлар меҳнатини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Тақдимот якунида фермерлар янги рақамли тизимлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва соҳа мутахассислари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Матбуот хизмати