Қишлоқ хўжалиги мероси тизимлари – барқарор ривожланиш учун муҳим ресурс
Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги қишлоқ хўжалиги мероси тизимларини жорий қилиш” лойиҳасининг якуний семинари бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда анъанавий қишлоқ хўжалиги мероси тизимларини аниқлаш, уларнинг маданий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини баҳолаш ҳамда халқаро даражада эътироф этиш бўйича миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилди.
ФАОнинг ЎзАга маълум қилишича, лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг илк таклифи – “Фарғона водийси гавҳари: Фарғона минтақасида пиллачилик ва бошқа анъанавий қишлоқ хўжалиги амалиётлари” ишлаб чиқилди.
Таклифда Фарғона водийсининг пиллачилик, ипакчилик, анъанавий деҳқончилик, ҳунармандчилик, агробиохилма-хиллик, гастрономия ва маданий мерос билан чамбарчас боғлиқ яхлит қишлоқ хўжалиги тизими сифатидаги аҳамияти ёритилди.
Хусусан, Марғилоннинг пиллачилик ва анъанавий ипак тўқиш амалиётлари маҳаллий билимлар, оилавий меҳнат, ҳунармандчилик анъаналари ва қишлоқ аҳолиси даромад манбалари билан узвий боғлиқ ноёб мерос сифатида кўриб чиқилди.
Якуний семинарда ушбу таклифнинг асосий мазмуни, ҳудудий чегаралари, лойиҳа мезонларига мувофиқлиги ва кейинги босқичлари муҳокама қилинди.
“Фарғона водийси гавҳари” ҳудуди маъмурий чегаралар билангина эмас, балки ижтимоий-гидрогеологик ёндашув асосида – Қува, Қўштепа, Олтиариқ, Тошлоқ, Фарғона ва Ёзёвон туманлари ҳамда Марғилон, Фарғона ва Қувасой шаҳарларини қамраб олувчи ягона агроекологик макон сифатида кўриб чиқилди.
Семинарда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги мероси тизимларини миллий даражада қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Миллий аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги мероси тизимлари концепциясини жорий этиш, шунингдек, келгусида бошқа ҳудудларнинг анъанавий қишлоқ хўжалиги амалиётларини ўрганиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида кишмиш етиштириш тизимини ўрганишни бошлаш масаласи кейинги йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.
– Қишлоқ хўжалиги мероси тизимлари нафақат тарихий ва маданий қадрият, балки бугунги барқарор ривожланиш учун ҳам муҳим ресурсдир, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Фарғона водийсининг пиллачилик ва анъанавий қишлоқ хўжалиги амалиётлари маҳаллий билимлар, биохилма-хиллик, ҳунармандчилик ва қишлоқ аҳолиси турмуш тарзи билан узвий боғлиқ бўлган тирик меросдир. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг ноёб қишлоқ хўжалиги тизимларини халқаро даражада эътироф этиш ва уларни келажак авлод учун сақлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
– Марғилон пиллачилик ва ипакчилик мероси, шунингдек, ҳудуддаги бошқа анъанавий деҳқончилик амалиётлари халқимизнинг кўп асрлик тажрибаси ва табиат билан уйғун яшаш маданиятини намоён этади, – деди қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров. – Лойиҳа доирасидаги ушбу ишлар миллий қишлоқ хўжалиги меросимизни тизимли ўрганиш, тарғиб қилиш ва халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА