Экспертлар энергетика соҳасида янги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди
Тошкентда инвестицион-ҳуқуқий базани халқаро кредиторлар талабларига мувофиқлаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда регуляторлар, халқаро суғурта компаниялари, глобал консалтинг фирмалари ҳамда энергетика соҳаси экспертлари иштирок этди.
Тадбир “ACWA Power” компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон энергетика бозоридаги йирик лойиҳалар, хусусан, 15 миллиард долларлик энергетик дастур доирасидаги истиқболлар муҳокама қилинди. Шунингдек, инфратузилмавий лойиҳаларда суғурталаш ва хатарларни бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон бозори иштирокчилари ва уларнинг халқаро ҳамкорлари ўртасида билим ва тажриба алмашишни мунтазам йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, мамлакат энергетика тармоғининг барқарор ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос шакллангани қайд этилди.
Таъкидланганидек, лойиҳаларни самарали бошқариш ҳамда миллий суғурта механизмларини халқаро стандартларга мослаштириш яқин икки йилда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
“ACWA Power” компанияси глобал молиявий директори (CFO) Абдулҳамид Ал-Муҳайдиб Ўзбекистон компания учун стратегик ва жадал ривожланаётган бозор эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу Бухоро вилоятидаги шамол электр станциялари ҳамда Самарқанддаги қуёш электр станцияси каби йирик лойиҳаларда ўз тасдиғини топмоқда.

– Жаҳон инвестиция стандартлари талаблари кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, узоқ муддатли энергетик хавфсизликни таъминлаш учун суғурта ва хатарларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш имкониятига эга. 2025 йил давомида Ўзбекистонда умумий қуввати 3500 МВт бўлган бир қатор энергетик объектлар ишга туширилди. Бу соҳада ислоҳотлар жадал суръатда давом этаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ушбу динамикани сақлаб қолиш янги инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини янада оширишни талаб этади, – деди у.
Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатимиз энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда йирик лойиҳаларни барқарор молиялаштириш бўйича фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА