Аждодлар хотираси ёд этилди
Юртимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳар йили кўтаринкилик ва юксак маънавий руҳда нишонланади. Бу сана халқимизнинг тинчлиги ва эркинлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасини ёд этиш, уларнинг жасоратини қадрлаш, шунингдек, кексаларимизга ҳурмат-эътибор кўрсатишнинг ёрқин ифодасидир.
Ана шу улуғ айём муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва хотира кечалари ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида ўтказилди.

Мазкур “Уч авлод учрашуви”да турли авлод вакиллари — кексалар, ўрта ёшдагилар ва ўқувчилар бир даврада жам бўлиб, ҳаётий тажриба, ватанпарварлик туйғуси ҳамда миллий қадриятлар ҳақида самимий мулоқот қилди. Тадбирда Тошкент шаҳар Нуроний жамғармаси, Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши вакиллари ва маҳалла фуқаролар йиғини фахрийлари иштирок этди.

Меҳмонлар лицейда яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнлари ҳамда ўқувчиларнинг ҳарбий ва жисмоний тайёргарлиги билан яқиндан танишиб, ёшларга яратилаётган имкониятларни юқори баҳолади. Тадбир сўнгида ёшлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фахрийлар кўкрак нишонлари, совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Бу эса уларнинг кўп йиллик меҳнати ва ёш авлод тарбиясидаги хизматларига берилган юксак эътироф бўлди.

Умуман олганда, мазкур тадбир авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда Ватанга садоқат туйғусини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА