Қишлоқ аёли — меҳнат ва бунёдкорлик тимсоли
Андижон вилояти қишлоқларида истиқомат қилувчи аёллар деҳқончилик, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт ва ҳунармандчилик соҳаларида меҳнат қилиб, оилалар фаровонлиги ва ҳудуд тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни
Эрта тонгдан далага отланиб, экинлар парвариши билан шуғулланаётган, тикув машинаси қаршисида янги маҳсулотлар яратаётган, синфхонада ёшларга сабоқ бераётган ёки тиббиёт муассасасида аҳоли саломатлигини асраётган аёллар — қишлоқ ҳаётининг фаол иштирокчилари. Уларнинг кундалик меҳнатида масъулият, сабр-тоқат ва яратувчанлик мужассам.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги ишларида ҳам хотин-қизларнинг меҳнати муҳим ўрин тутади. Экин экиш, кўчат парваришлаш, ҳосилни йиғиштириш ва саралаш жараёнларида иштирок этаётган аёллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу меҳнат оилалар фаровонлиги ва дастурхонлар тўкинлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ жойларда тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи ҳам кенгаймоқда. Тикувчилик, миллий ҳунармандчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият олиб бораётган аёллар ўз касбий маҳорати ва ташаббуси билан оилавий даромадни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллалар иқтисодий ҳаётини фаоллаштиришга ҳисса қўшмоқда.
Таълим ва тиббиёт соҳаларида меҳнат қилаётган аёлларнинг фаолияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ўқитувчилар ёш авлодга билим бериш билан бирга, уларни меҳнатсеварлик ва эзгулик руҳида тарбияласа, тиббиёт ходимлари инсон саломатлигини асраш йўлида хизмат қилмоқда. Ҳунарманд аёллар эса ўз тажрибасини ёшларга ўргатиб, миллий қадриятлар ва анъанавий касбларнинг давомийлигини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Аёлларнинг билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун имкониятларни кенгайтириш қишлоқлар тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, аёлнинг меҳнатдаги фаоллиги нафақат оила фаровонлиги, балки маҳалла ва жамият ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
[gallery-31948]
Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Андижон вилоятидаги меҳнаткаш хотин-қизлар фаолиятига назар ташлар эканмиз, уларнинг ҳар бирида ўз касбига садоқат, оиласига ғамхўрлик ва келажакка ишончни кўрамиз. Далада, ишхонада, таълим ва тиббиёт муассасаларида, ҳунармандчилик устахоналарида меҳнат қилаётган бу аёллар қишлоқ ҳаётининг мазмуни ва равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА