Қашқадарёда табиий газни талон-торож қилган қонунбузарликлар фош этилди
Табиий газни ўзбошимчалик билан ўзлаштириш, давлат мулкига зарар етказиш ва қонун талабларини менсимаслик айрим шахслар учун оддий ҳолдек туюлиши мумкин. Аммо бундай қонунбузарликлар ортида миллионлаб сўмлик иқтисодий зарар, аҳолининг барқарор газ таъминотига таҳдид ва жамоат манфаатларига путур етиш ҳолатлари турибди.
Қашқадарё вилоятида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Бошқарув раисининг тегишли топшириғи асосида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
«Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиалининг масъул бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари давомида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди.

Хусусан, Ғузор тумани Эскибоғ маҳалласи Тугал қишлоғида яшовчи новвойхона эгаси уйининг орқа томонидан ўтган газ қувурига полиэтилен қувур тортиб, табиий газ тармоғига яширинча уланган. Бу билан у нафақат қонун талабларини бузган, балки ўзининг ва яқинларининг ҳаётини ҳам хавф остига қўйган. Қайта ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига 343 миллион сўмлик зарар етказилган.
Ғузор туманининг Чаноқ маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида ҳам жиддий қоидабузарлик аниқланди. Шохобча эгаси ҳеч қандай техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган. Ошхонада иккита қўлбола газ плитаси ва бешта ўчоқдан фойдаланиб келинган. Ушбу ҳолат бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, давлатга 195 миллион 700 минг сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

Косон тумани Равот маҳалласида новвойчилик билан шуғулланувчи фуқаро ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланишнинг ўзига хос усулини қўллаган. У газ ҳисоблагичидан олдин резина шланг орқали тармоққа яширинча уланиб олган. Аниқланган қоидабузарлик оқибатида 80 миллион сўмлик зарар ҳисобланган.
Қарши тумани Мустақиллик маҳалласидаги хонадонлардан бирида ўтказилган хатлов жараёнида эса уй эгаси томонидан газ сарфини ҳисоблаш ускунасининг муҳри ўзбошимчалик билан бузилгани ва рўйхатдан ўтмаган қўшимча ҳисоблагич ўрнатилгани аниқланди. Натижада 31 миллион сўмлик табиий газ ноқонуний ўзлаштирилган.

Шунингдек, Маҳаллот маҳалласида яшовчи фуқаро ҳам газ тармоғига яширинча уланиб, давлатга 30 миллион сўмлик зарар етказган.
Аниқланган ҳолатларнинг ҳар бири табиий газдан фойдаланиш қоидаларини қўпол равишда бузиш, давлат мулкига тажовуз қилиш ва бошқаларнинг манфаатларини хавф остига қўйиш эканини кўрсатади.

Тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда. Табиий газ – халқ бойлиги, умуммиллий неъмат. Ундан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар, балки қонун олдидаги жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Зеро, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш орқали орттирилган фойда ҳеч қачон оқланмайди. Қонунни четлаб ўтиш мумкин, аммо унинг жавобгарлигидан қочиб қутулиб бўлмайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири