Ўзбекистон ва Марказий Осиё авиациясини қандай истиқболлар кутмоқда?
Ўзбекистонда фуқаро авиациясини ривожлантириш, халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш, аэропортлар инфратузилмасини модернизация қилиш ва самолётлар паркини янгилаш соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатнинг Европа ва Осиёни боғловчи стратегик транспорт йўлакларида жойлашгани минтақавий авиация бозоридаги имкониятларни кенгайтирмоқда.
Хўш, келгуси 20 йилда Марказий Осиё авиация бозорини қандай ўзгаришлар кутмоқда ва бу жараёнда Ўзбекистон қандай имкониятларга эга? Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган тақдимотда “Airbus” компаниясининг стратегик таҳлил ва глобал бозор прогнозлари бўйича директори Жером Шаптал ўз прогнозлари билан ўртоқлашди:
– Аввало, жаҳон авиация бозорининг ривожланиш тенденцияларига тўхталмоқчиман. Турли иқтисодий инқирозлар ва глобал ўзгаришларга қарамай, ҳаво транспорти соҳаси барқарор ўсишни сақлаб келмоқда. Авиация нафақат иқтисодиёт ва халқаро савдо, балки туризм, таълим, илм-фан ва маданий алоқалар ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.
Халқаро туризмнинг салмоқли қисми ҳаво транспорти орқали амалга оширилади. Шунингдек, авиация илмий тараққиёт, халқаро конференциялар ва таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
“Airbus” прогнозларига кўра, 2045 йилга бориб Марказий Осиёда ҳаво ташувлари ҳажми қарийб уч баробарга ошади. Йўловчи айланмаси 2025 йилдаги 89 миллиард йўловчи-километрдан 2045 йилда 242 миллиардга етиши, йиллик ўртача ўсиш суръати эса 5,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Бу ўсишнинг асосий омиллари иқтисодий тараққиёт, аҳоли даромадларининг ортиши ва ўрта синф вакиллари сонининг кўпайишидир. Прогнозларга кўра, 2045 йилга бориб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ўрта синф вакиллари сони 26 миллион кишига кўпайиб, 80 миллион нафарга етади. Минтақада ЯИМнинг йиллик ўртача 3,8 фоизга, савдо ҳажмининг эса 3,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шаҳар аҳолиси сони 15 миллион кишига ортади.
Натижада 2045 йилга бориб Марказий Осиёда аҳоли жон бошига тўғри келадиган авиасафарлар интенсивлиги қарийб икки баробарга ошиши кутилмоқда. Ҳаво ташувларининг энг катта қисми минтақа ичидаги йўналишларга тўғри келади. Энг юқори ўсиш суръатлари эса Хитой, Европа ва МДҲ мамлакатлари билан боғлиқ авиақатновларда кузатилади.
Марказий Осиёнинг Ўрта йўлакдаги стратегик жойлашуви ҳам авиация бозорининг ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Бу борада минтақанинг Европа ва Осиё ўртасидаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Минтақа авиакомпаниялари ортиб бораётган йўловчилар талабини қондириш ва ҳаво транспорти самарадорлигини ошириш мақсадида парвозлар географиясини кенгайтирмоқда ҳамда самолётлар паркини модернизация қилмоқда.
Авиация соҳасидаги яна бир муҳим тенденция эса самолётлар паркининг янгиланишидир. Сўнгги ўн йилда Марказий Осиёда янги авлод ҳаво кемаларининг умумий паркдаги улуши 0 фоиздан 42 фоизга етди. Прогнозларимизга кўра, 2035 йилга бориб бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил этади.
Умуман олганда, келгуси 20 йил Марказий Осиё авиацияси учун жадал ўсиш даври бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви, ривожланаётган иқтисодиёти ва ортиб бораётган йўловчилар оқими мамлакат учун минтақавий авиация бозорида янги имкониятлар яратади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.