Газ таъминотида хавфсизлик ва шаффофлик — муҳим мезон
Бугунги кунда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумини беталафот ва барқарор ўтказиш энергетика соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда нафақат ёқилғи маҳсулотларининг етарли захирасини шакллантириш, балки уларни истеъмолчиларга ўз вақтида, хавфсиз ва белгиланган тартибда етказиб бериш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, энергетика ресурслари таъминотида барқарорликни таъминлаш, соҳада қонунийлик ва интизомни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Зеро, газ таъминотидаги ҳар бир бўғиннинг аниқ ва самарали ишлаши, аввало, хонадонлардаги осойишталик ва аҳоли розилигига хизмат қилади.
Шу мақсадда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида ташкил этилган “LPG Trade” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти раҳбарияти ва масъул ходимлари Газлидаги Газни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги суюлтирилган газни сақлаш ва юклаш омборида бўлиб, мавжуд имкониятлар ҳамда таъминот жараёнларини ўргандилар.
Ўрганишлар давомида Бухоро вилоятида куз-қиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, аҳоли эҳтиёжи учун ажратилаётган суюлтирилган газни белгиланган муддатларда етказиб бериш, уни сақлаш ва ташиш жараёнларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, истеъмолчилар учун ажратилган ёқилғи маҳсулотларининг ҳаракати устидан самарали назорат ўрнатиш, таъминот жараёнида талон-торожлик ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларнинг ечими юзасидан аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, газ баллонларини истеъмолчиларга етказиб беришда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, ҳар бир маҳсулотнинг белгиланган манзилга тўлиқ етиб боришини таъминлаш ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини ошириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари доирасида олиб борилаётган ишлар ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган. Бунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёқилғи маҳсулотларининг ноқонуний айланишига барҳам бериш, таъминот тизимида тартиб ва интизомни мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Муҳими, газ таъминотида хавфсизлик ва шаффофликни таъминлаш фақат мавсумий вазифа эмас. Бу аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тизимга бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир. Ҳар бир хонадонга ажратилган газнинг ўз вақтида ва бехатар етиб бориши эса амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон ҳаётидаги аниқ ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири