Қашқадарёда оч бўрилар аҳолининг чорвасига зарар бергани ростми? (+видео)
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида оч бўрилар одамлар чорвасига зарар келтирилаётгани акс этган видеолар тарқалди.
Ушбу ҳолат вилоятнинг Шаҳрисабз тумани Янгиҳаёт маҳалласида юз бергани аниқ бўлгач, масалага ойдинлик киритиш мақсадида фотомухбир билан биргаликда ушбу манзилда бўлдик.
Маҳаллани айланиб, чорвасига талофат етган одамлар билан суҳбатлашарканмиз, улар ҳамон қўрқув ва хавотирда эканини яширмади.
– Тонгда туриб икки бош қўйимизнинг бўғизланиб, думбаси еб кетилганини кўрдим. Кеч киргач, ташқарига чиқишга ҳам чўчиб қолдик, – дейди Дилрабо Усмонова.
Одамлар бир ойлар аввал хонадонларидаги чорваларни номаълум йиртқич нобуд қила бошлаганини айтаркан, кейинчалик уни кўрганлар ташқи кўринишидан бўрига ўхшатишади. Кейинги кунларда эса йиртқич қишлоқ марказидаги уйларгача кириб боради. 29 апрель куни иккита қўйини бўғизлаган йиртқични ўз кўзи билан кўрган шу маҳаллалик Гулшан Эрдонова ҳолатни шундай изоҳлайди.
[gallery-17216]
– Ярим тунда итларнинг қаттиқ ҳуриши, қўйларнинг тақир-тўқиридан уйғониб кетдим, – дейди Гулшан Эрдонова. – Кўча чиқроқларни ёқдим. Шу пайт бўрига ўхшаш ҳайвон чироқ ёғдусида югуриб келди. Қўлимга илашган нарсани олиб отиб, бақирдим. У қочиб кетди. Қарасам, боқувдаги қўчқорларимни бўғизлаб, думбасини ғажиб ташлаган.
Номаълум йиртқичнинг халқнинг чорвасига бераётган зараридан аламзада бўлган қишлоқ одамлари қишлоқни оралаб ўтган “Танхоздарё” қирғоқларидаги қамишзор ва жарликлардан йиртқичларнинг инларини излай бошлайди. Қамишзорга ўт қўйиб, жарликдаги тупроқларни техникада олишади. У ердан иккита номаълум ҳайвон боласи топилади.
– Маҳалла аҳли хабар бергач, ўша жойга етиб бордик, – дейди Шаҳрисабз тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳудуд шифокори Рамазон Баҳромов. – Иккита ўлик ҳолдаги йиртқич боласи топилган экан. Унинг зотини ва касалликларга чалинган ёки чалинмаганини аниқлаш мақсадида вилоят лабораториясига жўнатдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i3IraIzubkg" title="Qashqadaryoda och boʻrilar aholining chorvasiga zarar bergani rostmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Хўш, қишлоқ аҳлининг чорвасига бу қадар талофат бераётган йиртқич ҳайвон ҳақиқатда бўримиди?
“Ҳисор” давлат қўриқхонаси ходимларининг таъкидлашича, бўрилар одатда аҳоли гавжум жойларда кўпаймайди.
– Қашқадарёда оч бўрилар оралади, деган хабарлар тарқалди. Аҳоли вакиллари қишлоқ четидаги дарё бўйидаги жарликдан иккита ўлик ҳолдаги йиртқич ҳайвон боласини топишган, – дейди “Ҳисор” давлат қўриқхонаси илмий ходими Валижон Бадиров. – Бориб кўрганимизда, у чиябўри экани маълум бўлди. Бундан ташқари бўри табиатан ҳеч қачон одамларга яқин жойда уя қуриб болаламайди.
Маҳалла раиси Самандар Ихтиёровга кўра, ўтган бир ой давомида йиртқич ҳужуми туфайли одамларнинг 19 та қўйи, 7 та кўркаси нобуд бўлган. Дарё атрофида яна йиртқич инлари топилаётганини билдирди.
Айни дамда ҳам қишлоқ одамлари йиртқич ҳужуми такрорланишидан хавотирда. Шунингдек, улар масалага алоқадор ташкилотларнинг ҳудудда чуқурроқ ўрганишлар олиб борилишидан ҳам умидвор.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари