Қашқадарёда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш масалалари муҳокама қилинди
Қашқадарё вилоятида атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ўрмон хўжалиги соҳасига замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида навбатдаги ҳудудий семинар-тренинг ўтказилди.
Қарши шаҳрида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Семинар-тренингда ўрмон хўжаликлари мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, шунингдек, прокуратура ҳамда маҳаллий ҳокимликлар масъул ходимлари иштирок этди. Бу эса экологик масалаларни ҳал этишда турли соҳалар ҳамкорлигининг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Бугун дунё миқёсида иқлим ўзгариши, чўлланиш, сув танқислиги ва табиий ресурслардан самарасиз фойдаланиш каби муаммолар долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ўрмонлар нафақат табиатнинг ажралмас қисми, балки экологик барқарорликни таъминловчи муҳим омил сифатида қаралмоқда. Шу боис ўрмон майдонларини кенгайтириш, мавжуд ҳудудларни муҳофаза қилиш ва тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-29426]
Семинарнинг асосий мақсади ўрмон хўжаликларида амалга оширилган экологик таснифлаш натижаларини амалиётга жорий қилиш, ROAM методологияси асосида барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш бўйича замонавий ёндашувларни кенг тарғиб этиш ҳамда соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг амалий кўникмаларини янада оширишдан иборат.
Шунингдек, тадбир доирасида ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, табиий тикланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, агроўрмончиликни ривожлантириш, сув ресурсларини тежаш ҳамда тупроқ эрозиясининг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай ўқув ва тажриба алмашиш тадбирлари орқали соҳадаги инновацион ёндашувларни ҳудудларда кенг жорий этиш, экологик таснифлаш натижаларини амалиётга татбиқ қилиш ва ўрмон хўжаликлари тизимида самарали бошқарув механизмларини шакллантириш имкониятлари янада кенгаяди.
Тадбир давомида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро тажрибалар ҳамда барқарор ўрмон бошқарувининг долзарб йўналишлари юзасидан маърузалар ва амалий муҳокамалар ҳам ўтказилмоқда. Бу эса келгусида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари