Истеъмолчининг талаби қондирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи фуқаро Ф.Т. туман марказида жойлашган “Ш” дўконидан нархи 1 миллион 700 минг сўм бўлган “LITV” маркали смарт телевизор сотиб олган.
Орадан кўп ўтмай телевизорда носозлик аниқланган. Вазият бўйича фуқаро дўкон мутахассисларидан носоз телевизорни таъмирлаб ёки алмаштириб беришни сўраб илтимос қилган. Аммо, кутилган натижа бўлмагач Беруний тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Фуқаронинг мурожаати мутахассислар томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчининг ҳуқуқи бузилганлиги маълум бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида: Истеъмолчи товар сотиб олганда унинг камчиликларини бепул бартараф этишни ёки ўхшаш маркали буюмга алмаштириб берилишини талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, 15-моддада сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчидан буюмни қабул қилиб олиши ва камчиликларни қисқа муддатда бепул бартараф этиб бериши шарт, деб кўрсатилган.
Мутахассислар ушбу қонун асосида муаммони ўрганиб чиқиб, дўкон мутахассисларига тушунтириш ишларини олиб борди. Натижада истеъмолчининг носоз телевизори учун сервис хизмати кўрсатилиб, тузатиб берилишига эришилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.