Журналистлар уюшмасининг ҳисобот йиғилиши ўтказилди
Бухорода Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлимининг 2021–2025 йиллардаги фаолияти таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари, уюшма аъзолари, фахрий журналистлар ҳамда соҳа фаоллари иштирок этиб, мамлакатимизда журналистика соҳасини ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш ва медиа маконни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Бухоро вилоят бўлими раиси Гулшода Иброҳимованинг ҳисоботи тингланди. Унда кейинги беш йил давомида оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш кадрларни соҳага жалб этиш ҳамда ижодий муҳитни мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятда жами 22 та босма нашр фаолият юритмоқда. Уларнинг 13 тасини вилоят, туман ва шаҳар газеталари, 9 тасини эса тармоқ ва хусусий нашрлар ташкил этади. Шунингдек, 1 та давлат телерадиоканали, 1 та хусусий телерадиоканал ҳамда ўнга яқин интернет нашрлари аҳолини тезкор ва холис ахборот билан таъминлаб келмоқда. Республика оммавий ахборот воситаларининг 14 нафар мухбири ҳам вилоятда самарали фаолият олиб бормоқда.
[gallery-29428]
Йиғилишда таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзолар сони ошиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилга келиб вилоятда уюшма аъзолари сони 67 нафарга етгани соҳа нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, уюшмага аъзо бўлиш истагидаги ёш журналистлар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун уюшма аъзоларининг турли даражадаги давлат мукофотлари, фахрий унвонлар ва нуфузли танловлар совринларига муносиб кўрилгани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан журналистлар ва фахрийлар соҳадаги ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар, рақамли журналистикани ривожлантириш, медиа саводхонликни ошириш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов иштирок этиб, мамлакат медиа соҳаси олдида турган долзарб вазифалар, журналистлар масъулияти, ахборот маконида тезкорлик ва холислик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари