Қаршида “Ёшларни эшитамиз” очиқ мулоқоти ўтказилди
Қарши шаҳридаги Вилоят ёшлар марказида “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов иштирокида “Ёшларни эшитамиз” номли очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Қарши техника университети талабалари ҳамда “Қашқадарё сув таъминоти” АЖда фаолият юритаётган ёшлар иштирок этди.
Мулоқотда ёшларнинг билим ва касбий салоҳиятини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ёшларни мунтазам китоб ўқишга, хорижий тилларни пухта ўрганишга чақирди. Зеро, бугунги тезкор ўзгаришлар даврида чуқур билим, кенг дунёқараш ва хорижий тилларни билиш мутахассиснинг касбий ривожланиши, янги технология ва тажрибаларни ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этади.
Университет вакиллари эса таълим муассасаси ҳамда сув таъминоти ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш мақсадида дуал таълим тизимини жорий этиш юзасидан таклифлар билдирди. Бу каби ҳамкорлик ёшларнинг келажакдаги касбий фаолиятга тайёргарлигини кучайтириш, соҳанинг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, айни пайтда “Қашқадарё сув таъминоти” АЖда 1 минг 356 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 113 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Шундан 47 нафари 25 ёшгача, 66 нафари эса 26-30 ёш оралиғида.
[gallery-31867]
Маълумот ўрнида, вилоятда аҳолининг 61,2 фоизи, яъни 2 миллион 227,3 минг нафари марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 38,8 фоиз аҳоли, 1 миллион 412 минг киши ичимлик сувини муқобил манбалар, жумладан, махсус техникалар орқали етказиб бериладиган сув ҳисобидан истеъмол қилади. Мазкур йўналишдаги вазифаларни самарали ҳал этишда билимли, ташаббускор ва замонавий ёндашувга эга ёш мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир якунида иштирокчиларга бошқарув раиси совғалари топширилди. Сув таъминоти тизимида самарали меҳнат қилаётган, фаоллиги ва иқтидори билан ажралиб турган ёшларга компьютер жамланмалари тақдим этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири