Қаршида Контент яратиш маркази очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё юридик техникумида замонавий Контент яратиш маркази ўз фаолиятини бошлади. Мазкур ташаббус фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ёшларнинг медиа салоҳиятини ошириш йўлида муҳим амалий қадам сифатида эътиборга лойиқ.
Марказ Европа Иттифоқи кўмагида, Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳага қарийб 6 минг евро маблағ йўналтирилиб, марказ ноутбуклар, профессионал камералар ва замонавий смартфонлар билан тўлиқ жиҳозланди.
Бугунги кунда ахборот майдони тобора кенгайиб, фейк хабарлар оқими кучайиб бораётган бир пайтда медиа саводхонлиги нафақат билим, балки заруратдир. Ёшлар бу майдонда шунчаки томоша қилиб эмас, балки онгли ва фаол иштирокчи сифатида қатнашиши лозим.
Айнан шу мақсадда ташкил этилган янги марказ аҳоли, айниқса ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш, фейк ахборотларга қарши иммунитетни шакллантириш ва рақамли кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу ерда ёшлар назарий билимлар билан бирга атроф-муҳит барқарорлиги, гендер тенглиги каби долзарб йўналишларда сифатли медиа маҳсулотлар яратиш бўйича амалий тажриба ҳам орттиради.
Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Андре Альгермиссен ушбу ташаббусга юқори баҳолади.
— Ушбу марказнинг айнан Қарши шаҳрида очилаётгани қувонарли. Ишончим комилки, мазкур марказ нафақат лойиҳа доирасида, балки узоқ муддатли истиқболда ҳам самарали натижалар бериб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди у.
Марказда яратилган шароитлар ёшларни янги билимлар сари ундаши ва уларни ижтимоий фаолликка жалб этиши аниқ. Янги очилган Контент яратиш маркази нафақат замонавий инфратузилма, балки ёшлар фикрини шакллантирувчи, уларни жамият ҳаётида фаол иштирокчига айлантирувчи ва рақамли ахборот маконида ўз ўрнини топишларига хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида фаолият юритади.
[gallery-29433]
– Биз кўпинча контент яратишни хоҳлаймиз, лекин бунинг учун керакли жиҳоз ҳам, билим ҳам етишмайди, - дейди Қашқадарё юридик техникуми 1-босқич талабаси Камола Бахтиёрова. – Энди бу марказ бизга иккаласини бирдан беради. Мен бу ерда нафақат камера ушлаб ўтирмоқчи эмасман, жамиятда аҳамиятли мавзулар ҳақида гапиришни, одамларни ўйлаттирадиган материаллар яратишни истайман. Чунки биз, ёшлар ҳам ўз фикримизга, ўз овозимизга эгамиз.
Бугунги ёшлар эртанги Ўзбекистоннинг овози. Ва бу овоз энди замонавий жиҳозлар, сифатли билим ва халқаро ҳамкорлик қўллаб-қувватлови билан янада баланд янграши шубҳасиз.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА