Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишланди
Сирдарё элининг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 79 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳақиқий шеърият байрамига айланди. Ушбу анжуман адибанинг бой адабий меросини улуғлаш, унинг ижодий йўлини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат ва ижодга эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо бошчилигидаги ижодкорлар: Абдуқаюм Йўлдошев, Замира Рўзиева, Муҳтарама Улуғова, Дилфуза Шомаликова, Муножот Нурматова, Муҳиддин Полвонов, Дилфуза Қаршибоева, Озода Бекмуродова, Наргиза Асадова, Муҳаммадсиддиқ Раҳматов, Муҳаммад Бегимов каби шоир ва ёзувчилар, сирдарёлик ижодкорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, шоиранинг фарзандлари, яқинлари ҳамда шогирдлари иштирок этишди.


Анжуман доирасида иштирокчилар дастлаб Ҳалима Худойбердиева номи билан аталувчи ижод мактабига ташриф буюриб, адиба хотирасига эҳтиром рамзи сифатида шоира бюсти пойига гул қўйдилар. Бу лаҳзалар нафақат расмий маросим, балки қалблардаги ҳурмат ва миннатдорликнинг самимий ифодаси бўлди.


Шундан сўнг меҳмонлар ижод мактаби директори, сенатор Покиза Аҳмеджанова ҳамроҳлигида шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган музей билан яқиндан танишдилар. У ерда сақланаётган қўлёзмалар, шахсий китоблар, фотосуратлар ва ноёб ҳужжатлар Ҳалима Худойбердиеванинг адабий йўли, изланишлари ва ижодий мероси ҳақида бой тасаввур берди.


Тадбирнинг асосий қисми Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ташкил этилган адабий-бадиий кеча билан давом этди. Кечани вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев очиб бериб, Ҳалима Худойбердиеванинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, унинг шеъриятида акс этган инсонпарварлик ва ватанпарварлик ғоялари ҳақида алоҳида тўхталди.

Кеча давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда адибанинг замондошлари сўзга чиқиб, унинг серқирра ижоди, самимий шеърияти ва маънавий қиёфаси ҳақида фикрлар билдирдилар. Улар Ҳалима Худойбердиева шеъриятида аёл қалби, Ватанга садоқат, ҳаёт ҳақиқати ва инсонийлик туйғулари устувор эканини таъкидлашди.
Шунингдек, тадбирда театр актёрлари ва ёш ижодкорлар томонидан адиба шеърларидан ифодали ўқишлар, саҳнавий ва мусиқий композициялар намойиш этилди. Айниқса, “Она юрт”, “Аёл қалби”, “Ватан”, “Меҳр” каби шеърлардан ўқилган парчалар йиғилганларни ҳаяжонга солди.
Шеърият кечаси нафақат хотира тадбири, балки чин маънода адабиёт ва маънавият байрами сифатида намоён бўлди. Унда Ҳалима Худойбердиева ижодининг бугунги кунда ҳам долзарб экани, унинг шеърлари ёш авлод тарбиясида муҳим маънавий мактаб бўлиб хизмат қилаётгани яна бир бор таъкидланди.
Тадбир якунида адиба хотираси халқ қалбида абадий яшаши, унинг бой маънавий мероси эса келажак авлод учун улкан илҳом манбаи бўлиб қолиши қайд этилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов(сурат) ЎзА