Қадриятлар — миллатнинг юзи
15 май - Халқаро оила куни
Оила азалдан инсон тарбияси шаклланадиган муқаддас маскан бўлиб келган. Инсон яхшилик ва ёмонликни, ҳалол ва ҳаромни, одоб ва беодобликни энг, аввало, оилада англайди. Бобо-бувиларимиз оғир қаҳатчилик ва машаққатли синовларни бошдан кечирган бўлсалар-да, сабр, шукр ва қаноат каби инсоний фазилатларни йўқотмаганлар.
Болалик хотиралари инсон қалбида умрбод яшайди дейишди. Илгари эрталабки нонушта, тушлик ёки кечки овқат вақтида бутун оила бир дастурхон атрофига жам бўларди. Катталар дуога қўл очиб, юрт тинчлиги, хонадон файзи ва фарзандлар камоли учун яхши тилаклар билдиришарди. Шу оддийгина ҳолатнинг ўзида меҳр, ҳурмат ва тарбия мужассам эди.
Ҳозир-чи... Барча шароит бор, дастурхонлар тўкин. Айрим ҳолларда дастурхоннинг шоҳоналигидан ёқа ушлайсан. Тўкинчилик шу даражада-ки, ўзимизда етиштирилаётган маҳсулотлардан тортиб хориждан келтирилган ноз-неъматлар бозорларимиз кўрки. Бу, албатта, тўкинчилик ва юрт тинчлигидан далолат беради. Аммо, инсонни ўйлантирадиган бир ҳақиқат бор: моддий бойлик ортиб бораётган бир пайтда маънавий қадриятларимизга эътибор сусаймаяптими?
Чирчиқ дарёси атрофида яшаган аҳоли азалдан меҳнаткаш бўлган. Айниқса, қулупнайчилик кенг ривожланган эди. Яқин-яқинларгача ҳам катта майдонларда қулупнай парвариш қилинарди. Шаҳарнинг кенгайиши сабаб деҳқончилик қилинадиган майдонлар кескин камайди. Қулупнай пишган фаслда шаҳардан қариндошлар келиб, кенг далада ҳақиқий сайл бўларди. Бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлар қурилар, кексаларнинг дуолари, ёшларнинг орзу-режалари бир дастурхонда бирлашарди. Ана шундай учрашувлар қариндошлик ришталарини мустаҳкамлар, қалбларга меҳр улашарди.
Қишнинг қаҳратон кунлари ўзига тўқ оилалар қўни-қўшнилар ва яқинларга гўшт тарқатарди ва “пулини қулупнай пишиғига” деб ёзиб қўйиларди. Бу — халқимизга хос бағрикенглик ва инсонийликнинг ёрқин намунаси эди.
Афсуски, бугун дастурхон атрофида жам бўлиш, фарзандларга одоб ўргатиш, каттани ҳурмат қилиш каби анъаналар аста-секин унутилиб бормоқда. Илгари ёши улуғ инсоннинг олдидан кесиб ўтилмас, катталардан олдин таомга қўл чўзилмас, ер-сувни эҳтиром қилиш тарбиянинг бир қисми саналган. Бугун эса шундай оддий, аммо, жамият маънавияти учун улкан аҳамиятга эга бўлган қадриятларга бефарқлик кўзга ташланмоқда.
Албатта, ёшларимиз орасида иқтидорли, билимли ва юрт келажаги учун жон куйдирадиганлари кўп. Лекин тарбиясига етарлича эътибор берилмаган, лоқайд ва масъулиятсиз ёшлар ҳам учраб турибди. Бу эса барчамизни ўйлантириши керак. Чунки фарзанд тарбияси аввало оиладан бошланади.
Президентимиз асосий куч бўлган ёшларнинг келажагини ўйлаб фармон ва қарорларга имзо чекмоқда. Қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш учун давлат ғазнасида кўплаб маблағлар сарф этилмоқда. Уларни бажариш учун ёзувчилар, олимлар, педагоглар, маҳалла фаоллари, диний идора уламолари жалб этилмоқда. Буларнинг барчаси юрт келажаги ва равнақи йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлардир.
Чунки қадриятлар — миллатнинг юзи. Қадрият бор жойда меҳр бўлади, ҳурмат бўлади, тарбия бўлади. Тарбияли авлод эса, юртнинг энг катта бойлигидир.
Асрор Сулаймонов, ЎзА.