Қарийб барча мурожаатлар жойида ҳал этилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларнинг долзарб муаммоларига ечим топишга қаратилган навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Унда Сенатор, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, Ширин шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Қамбарова, партия вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Баҳром Собиров, партия фаоллари, мутасадди идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида шаҳар аҳолиси томонидан жами 76 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти тиббий хизмат сифатини ошириш, таълим тизими, электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ таъминотини яхшилаш, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам каби кундалик ҳаёт билан боғлиқ долзарб масалаларга тааллуқли бўлди.

Мурожаатларнинг ҳар бири масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Натижада 51 та мурожаат шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди, қолган масалалар эса қонунчилик талаблари асосида тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш, олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш кадрларни ҳудудга жалб этиш ҳамда улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири