Бугунги битирувчи – эртанги тараққиёт бунёдкори
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида битирувчи босқич талабаларига диплом топширишга бағишланган “Порлоқ келажак, юксак парвоз сизга, азиз битирувчи” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва рақобатбардош касб эгаллаши ҳамда меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлган мазкур тадбир кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда республикадаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, филиал профессор-ўқитувчилари, жамоатчилик вакиллари ва битирувчи талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси М.Қайпанов, филиал директори, профессор А.Есимбетов ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олий таълим сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталди.
Шунингдек, ёш мутахассисларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни тобора ортиб бораётгани қайд этилиб, битирувчиларга келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилашди. Тадбирда бакалавриат, магистратура ва сиртқи таълим йўналишини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга давлат намунасидаги дипломлар тантанали равишда топширилди.
Маълумот ўрнида, 2025–2026-ўқув йилида филиални жами 208 нафар битирувчи тамомламоқда. Шундан 184 нафари бакалавриат, 24 нафари магистратура, 71 нафари сиртқи таълим йўналиши ҳисобига тўғри келади. Битирувчиларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида 188 нафар битирувчининг бандлиги бўйича расмий ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тадбир ёшларнинг талаба сифатидаги ҳаётига якун ясар экан, уларнинг юрт равнақи йўлидаги касбий фаолиятига мустаҳкам замин яратди. Энди улар ўз билим ва меҳнати билан жамият тараққиётига муносиб хизмат қиладиган мутахассислар сафидан ўрин олади.
Тадбир концерт дастури билан давом этиб, барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.