Қаҳрамонлар ўлмайди – улар халқ тилида ва дилида мангу яшайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи Шерали Идиев хонадонига ташриф буюрди.

Ташриф давомида марҳумнинг Ватан олдидаги фидокорона хизмати, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлидаги жасорати ҳамда матонати чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олинди.
Шерали Идиев 1982 йил 4 августда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган. У ҳам болалар каби ҳарбий бўлишни, ҳарбий форма кийишни орзу қиларди. Телевизорда ёки кўчада ҳарбий кийимдаги зобитларни кўрганида кўзлари ёниб кетарди. Уларга ҳавас билан боқарди. Шу боисдан бўлса керак, ҳарбий хизматни тугатгандан кейин ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлади.

Ш. Идиев 2003-2009 йилларда Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда, 2009-2013 йилларда Қашқадарё вилоятида, 2013-2015 йилларда эса Бухоро вилояти Когон шаҳрида фаолият олиб борди. Когон шаҳридаги ҳарбий қисмда алоқа тугуни гуруҳи бошлиғи лавозимигача кўтарилди. Аммо у Когон шаҳрида хизмат вазифасини ўтаётган вақтда 2015 йилнинг 29 апрель куни ҳалок бўлди.
– Турмуш ўртоғим сержант Шерали Идиев Ватан олдидаги бурчини шараф билан уддалади, – дейди Назокат Нурова. – Хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлди. Бугун биз ҳар томонлама тинч ва осойишта юртда эъзоз ва эътиборда яшаётирмиз. Турмуш ўртоғимнинг дилидаги эзгу нияти ҳам шу эди, аслида.
Вилоят ҳокими марҳумнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, уларга эсдалик совғаларини топширди.
А.Бўриев, ЎзА