Қадриятларни унутмаган халқнинг келажаги буюк бўлади
Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда ва буларнинг самараси ўлароқ юртимиз обод бўлмоқда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
Эришаётган ютуқлар, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратилмоқда, аҳолини қийнаётган муаммолар ҳал этилмоқда, инсон шаъни, қадри улуғланиб, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Юрт кўрки-камолидан ғурурланган ҳар бир инсонда эзгулик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, фидойилик туйғулари мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, юртдошларимиз маънавияти, тафаккур ва дунёқарашини ошириш, ўзлигини англаш, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасидаги ишлар ҳам янада юқори босқичга кўтарилмоқда.


Дарҳақиқат, юртимизда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар салмоғи, кўлами йил сайин ортиб бормоқда. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда кейинги икки-уч йил ичида биргина Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Маънавият ва маърифат” масканлари ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли. Ушбу масканларда ўтказилаётган тадбирлар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалби ва онгида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
– Жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль, танлов, учрашув ва мулоқотлар. аҳолининг маънавиятини юксалтириш, тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Нигорахон Қашқабоева. – Қолаверса, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.


Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан жойларда ўтказилаётган “Маънавият – енгилмас куч”, "Жаҳолатга қарши маърифат", “Йилнинг энг фаол маънавиятчиси”, “Оила – муқаддас қўрғон”, “Миллий қадриятлар – бебаҳо меросимиз”, “Китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Уч авлод учрашуви”, “Маънавият соати” сингари мавзуларда ўтказилаётган турли тадбир, фестиваль, учрашув ва мулоқотлар шубҳасиз, юртдошларимиз қалбини маънавият нури билан бойитишга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами олдидан Андижон вилоятида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги учрашув ва мулоқотлар, концерт дастурлари, тадбирлар халқимиз, хусусан, андижонликлар маънавий ҳаётида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида зиёлилар, олимлар, адабиёт ва санъат намояндаларидан иборат тарғиботчилар, аҳоли вакиллари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ўтказилган тадбирлар барчага бирдек аъло кайфият бағишлади.
Жумладан, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар иштирокидаги маданий-маърифий тадбирлар орқали ислоҳотлар, ҳаётимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида юртдошларимизга кенг маълумотлар берилди.


– Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Содиқжон Уринбоев. – Маҳалламиз туманнинг чекка ҳудудларидан бири бўлса-да, бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар бизни беҳад қувонтиради. Мустақиллик байрами арафасида маҳалламизнинг барча кўчаларига асфальт ётқизилди, ичимлик суви муаммоси тўла бартараф этилди.
– Бугун қишлоқ ва шаҳарларимизда янги-янги уй-жойлар, корхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш объектлар фойдаланишга топширилмоқда, тўй-тантаналар бўлиб ўтмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Асака туман бўлинмаси раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Исроилжон Султонов. – Бу халқимизнинг яшаш шароитлари ва турмуш фаровонлигини оширишга, энг муҳими, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига мустаҳкам замин яратмоқда. Тинч, фаровон, ҳаётидан рози бўлиб яшаётган халқимизнинг маънавий ҳаёти ҳам янада гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.


Тараққиёт шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда бугун миллий, маънавий, умуминсоний қадриятларни йўқ қилишга уринаётган кучлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, “демократия”, “фикр эркинлиги” тамойилларини ниқоб қилиб, халқимиз минг йиллар давомида асраб келган қадриятларимизни бузишга, ҳаётимизни ичидан чиқаришга уринишлар, таҳдидларни унутмаган ҳолда маънавий-маърифий ишлар тарғиботини янада кучайтириш муҳим вазифалардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак.
Олиб борилаётган тарғибот ишлари юртдошларимиз, аввало, ёшларимизда юксак ватанпарварлик, миллий бирлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилсин. Зеро, донолар айтганидай маънавий қадриятларини, ўзлигини, тарихини унутмаган халқнинг келажаги буюкдир.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири