Қабристонларни ободонлаштириш ўтганлар хотирасига эҳтиром ва келажакка ибрат ишидир
Вақти-вақти билан ота-боболаримиз, яқинларимиз мангу қўним топган масканларни зиёрат қиламиз. Шу жойларда кўнгил бир муддат борлиқнинг жимлигига қулоқ тутади. Киши не хотиралар, не хаёллар билан атрофни кузатади.
Бугун муқаддас манзилларимизнинг аҳволи ва уларни обод сақлаш масъулияти ҳақида сўз юритамиз.
Очиғини айтганда, кўп жойларда қабристонларни тозалаш, деворларини кўтариш ёки йўлакларини созлаш ишлари маълум бир тизимга солинмаган эди. Бу ишлар асосан қайсидир куюнчак юртдошимизнинг ташаббуси ёки байрамлар олдидан ўтказиладиган ҳашарлар ҳисобига амалга ошириларди. Ваҳоланки, бу муқаддас манзиллар ўтмишимизга кўзгу бўлувчи масканлар ҳисобланади.
Ана шу муаммоларга барҳам бериш ва қабристонларни ҳақиқий маънода обод ҳамда тартибли қилиш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан хайрли ва халқчил қарор қабул қилинганига ҳали кўп бўлмади. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 21 майдаги “Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айни шу масалага узил-кесил ечим бўлди. Бу ҳужжат ота-боболаримиз ётган масканларни асраб-авайлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Энг аввало, бу соҳада тўлиқ очиқлик ва қатъий тартиб ўрнатилмоқда. Қабристон учун туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари қошида алоҳида шахсий ҳисобварақ очилиши муҳим янгилик бўлди. Ушбу ҳисобвараққа тушган маблағ фақат ўша қабристонни обод қилиш учунгина сарфланади. Бу маблағларни бошқа мақсадларга кўчириб ўтказиш тақиқланади.
Шунингдек, бу жараёнда маҳалланинг роли ортди. Бугун маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз ҳудудларидаги қабристонни обод қилиш бўйича Ободонлаштириш бошқармасига бевосита ариза ва буюртма бера олади. Яъни “деворнинг устини ёпиш керак”, “йўлакка шағал ётқизиш керак” ёки “ёритиш чироқлари ўрнатиш лозим” каби талабларни маҳалланинг ўзи ўртага қўяди.
Анъаналаримиздан бири бўлган ҳашарлар ҳам энди янгича тизимда давом этмоқда. Ҳар чоракда бир маротаба “Ўтганларни хотирлаш — муқаддас қадрият” шиори остида кенг кўламли ҳашарлар ўтказилиши йўлга қўйилди. Бунда ҳокимликлар аҳолига кўмаклашиш учун барча зарур техника ва асбоб-ускуналарни етказиб беради.
Қарорга кўра, 2027–2029 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур тасдиқланди. Унга мувофиқ, яқин йилларда юртимиздаги барча қабристонларнинг атрофи деворлар билан ўралиб, кириш дарвозалари ўрнатилади. Ички йўлаклар равон қилиниб, зарур бино ва иншоотлар тартибга келтирилади.
Бу мавзуни нега ёдга олдик? Чунки қабристонларни обод ва тоза сақлашни қайсидир ташкилотнинггина вазифаси деб бўлмайди. Бу ҳаммамизнинг, бутун жамиятимизнинг виждон иши саналади. Ота-боболаримиз куз ойларида ҳам кўплаб ҳашарлар қилиб, ёмғирдан тўйина бошлаган заминга кўчат қадайдилар. Яшнаб турган дарахт эса ҳаётнинг тўхтамайдиган мароми ва тириклик рамзидир.
Зеро, муқаддас манзилларни ободонлаштириш ўтганлар хотирасига эҳтиром ва келажакка ибрат иши эканини унутмайлик.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири