«Пушти октябрь – 2026»: эрта ташхис ҳаётни сақлаб қолиши мумкин
Дунёнинг юзлаб мамлакатларида кўкрак бези саратонига қарши курашиш, уни эрта аниқланишнинг аҳамияти ҳақида аёллар ва умуман жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида турли тадбирлар, акциялар ҳамда очиқ эшиклар кунлари ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу каби лойиҳаларга жиддий эътибор қаратилаётир.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт марказида жорий йилнинг 14 октябрь куни ойлик доирасида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилади.
Тадбир онкология ва кўкрак бези касалликлари бўйича етакчи мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар, хотин-қизлар ассоциациялари, жамоат ташкилотлари ҳамда аёллар саломатлигига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни бир майдонда жамлайди.
Тадбирнинг махсус таклиф этилган халқаро эксперти — Туркиянинг кўкрак бези касалликлари бўйича таниқли мутахассиси, профессор Фатих Айдоған бўлиб, у кўкрак бези хасталикларини эрта аниқлаш, замонавий диагностика ва даволаш усуллари бўйича ўз бой профессионал тажрибаси билан ўртоқлашади. Шунингдек, тадбирга Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт маркази мутахассиси, профессор Севилай Ўзмен модераторлик қилади.
Учрашувнинг асосий мавзуси — кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ҳамда аёлларнинг мунтазам профилактик текширувлардан ўтиш зарурлиги ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат. Кенг жамоатчиликка мўлжалланган дастур доирасида кўкрак бези саратони бўйича долзарб статистик маълумотлар тақдим этилади, эрта ташхислашнинг замонавий имкониятлари ва скрининг текширувларининг аҳамияти ёритилади. Шунингдек, касалликнинг кеч аниқланишига олиб келувчи сабаблар таҳлил қилиниб, ёш ва индивидуал хавф омилларига мувофиқ текширувлардан ўтиш бўйича муҳим тавсиялар берилади ҳамда шифокорлар, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шифокорга фақат бирор аломат пайдо бўлгандагина эмас, балки тавсия этилган муддатларда мунтазам равишда мурожаат қилиш саломатликни сақлаб қолишнинг энг асосий шарти ҳисобланади. Ушбу тадбирда ОАВ ва телевидение вакиллари, интернет нашрлари журналистлари, блогерлар, хотин-қизлар ҳамжамиятлари, аёллар саломатлиги билан шуғулланувчи жамоат ташкилотлари ҳамда ушбу масалага бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз иштирок этишлари мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА