Ўзбекистонда суғориладиган майдонлар умумий ер фондида қанча улушга эга?
Мамлакатимизнинг умумий ер майдони 44,9 миллион гектарни ташкил этсада, шундан атиги 4,4 миллион гектари суғориладиган ерлардир. Бу мамлакат умумий ҳудудининг 9,8 фоизига тенг. Хўш, ер ресурслари қандай тақсимланган ва суғориладиган майдонлар умумий ер фондида қандай ўрин тутади?
Аслида мамлакатимиз ҳудудининг қанчаси қишлоқ хўжалигига, қанчаси ўрмонларга, аҳоли пунктлари ва бошқа мақсадларга ажратилган? Ер фондининг таркибига назар ташласак, мамлакатимиз ер ресурслари қандай тақсимланганини билиб олиш мумкин.
Давлат кадастрлари палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ерларнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалигига ажратилган.
Қайд этилишича, мамлакат ер фонди саккизта тоифага бўлинади. Уларнинг майдони қуйидагича тақсимланган:
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар — 25,9 миллион гектар;
Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар — 4,3 миллион гектар;
Захира ерлар — 1,5 миллион гектар;
Сув фонди ерлари — 1,2 миллион гектар;
Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар — 827,8 минг гектар;
Аҳоли пунктлари ерлари — 216,7 минг гектар;
Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар — 34,5 минг гектар.
Келтирилган маълумотлардан кўринадики, ер фондида энг катта улуш қишлоқ хўжалигига мўлжалланган майдонларга тўғри келади. Уларнинг ҳажми 25,9 миллион гектар бўлиб, мамлакат умумий ер майдонининг қарийб 57,7 фоизини ташкил этади.
Ўрмон фонди ерлари эса 11 миллион гектарни эгаллайди. Бу умумий майдоннинг қарийб тўртдан бир қисми демакдир. Яна бир муҳим жиҳат — суғориладиган ерлар улуши. Рақамларга эътибор қаратилса, республикамиздаги жами ерларнинг атиги 9,8 % суғориладиган ерларни ташкил этади. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, бу аҳоли бошига 11 сотихдан тўғри келади. Ушбу ерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, шу боис ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва сувни тежаш масалалари алоҳида эътибор талаб қилади.
Ер фонди таркиби мамлакатнинг табиий ресурслари, иқтисодий фаолияти ва ҳудудий ривожланиши учун муҳим асос ҳисобланади. Шунинг учун ерларнинг ҳисобини юритиш, улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш ва муҳофаза қилиш нафақат бугунги, балки келажак авлодлар манфаати учун ҳам долзарбдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА