Ўзбекистон ва Красноярск ўртасида авиақатновлар тармоғи кенгайтирилади
“Uzbekistan Airports” АЖ ва Красноярск халқаро аэропорти вакиллари Ўзбекистон шаҳарлари билан авиақатновларни ривожлантириш, янги йўналишларни очиш ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув Дмитрий Хворостовский номидаги Красноярск халқаро аэропорти бош директори Кирилл Ермаков бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтди.
Музокаралар Фарғонада ўтказилган Россия — Ўзбекистон форуми доирасида бошланган мулоқотнинг давоми бўлди. Томонлар авиакомпанияларни янги йўналишларга жалб этиш, авиақатновлар тармоғини кенгайтириш ҳамда йўловчилар учун қулай туташ рейсларни ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, Красноярскдан Фарғона ва Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, транзит ташувларини ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Фарғона орқали Истанбулга, Самарқанд орқали эса Тель-Авив ва Дубайга қулай туташ рейсларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик йўловчилар учун Красноярск аэропорти ҳам Узоқ Шарқ ва Хитой шаҳарларига сафарларни давом эттиришда қулай транзит нуқтасига айланиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар истиқболли йўналишларни белгилаш ва авиакомпанияларни жалб қилиш имкониятларини биргаликда ўрганишга келишиб олди. Бундан ташқари, йўналишларни оммалаштириш, сайёҳлик маҳсулотларини яратиш ва йўловчилар талабини ошириш мақсадида авиакомпаниялар ҳамда туризм соҳаси вакиллари иштирокида қўшма маркетинг лойиҳаларини амалга ошириш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА