Профилактик тиббиёт ва илғор инновацион технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлар, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида Андижон давлат тиббиёт институтида “Профилактик тиббиётда илғор инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, тиббиёт тизимда фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижлик олимлар, ёш шифокор, тадқиқотчи ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Анжуманни институт ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов очиб, бугунги кунда профилактик тиббиётнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганлиги, айниқса, инновацион технологияларни жорий этиш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш имкониятлари кенгаяётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокимининг табриги ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов онлайн тарзда иштирокчиларга ўз табригини йўллаб, анжуман ишига муваффақият тилади.
Анжуманнинг пленар йиғилиши доирасида Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимовга Доғистон давлат тиббиёт университетининг “Фахрий профессори” унвони топширилди.
– Анжуман соҳа мутахассисларининг билим ва малакаларини ошириш, ўзаро тажриба алмашишларига имконият яратиб берди, – дейди профессор Мадаминжон Мадазимов. – Айниқса, тиббиётимиз илмий-амалий салоҳиятини, олимларимизнинг хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эса янада аҳамиятлидир.
Анжуман нафақат илмий тажриба алмашиш, балки инновацион технологияларни амалиётга жорий этишнинг янги йўлларини белгилаб берувчи муҳим платформага айланганлиги қайд этилди. Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш орқали касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини секциялар доирасида давом эттирди. Юрак-қон томир касалликлари, жарроҳлик, оналик ва болалик йўналишидаги секцияларда мавзу доирасида маърузалар ўқилди.
Олимлар, мутахассислар, томонидан профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш борасида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари, бу борадаги халқаро тажрибалар, хасталикларни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Анжуманда мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда Россия, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 40 дан ортиқ мамлакатнинг олим ва мутахассислари онлайн ва офлайн тарзда иштирок этиб, ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистонда профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Россия Федерацияси Кубань давлат тиббиёт университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, профессор Артём Баженов. – Хусусан, юрак-қон томир касалликлари, жарроҳлик, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик.
[gallery-29153]
Ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали ўтган мазкур анжуман профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга, мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиш, билим ва малакаларини юксалтиришга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.