Профессор Жеффри Сакс: Ўзбекистон Евросиёнинг муҳим транспорт-логистика ва иқтисодий хабига айланиш учун тарихий имкониятга эга
11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ходимлари Умарбек Нуриддинов ва Кайрат Аҳмедов Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти майдонида Колумбия университети профессори Жеффри Сакс билан ўтказилган экспертлар учрашувида иштирок этди.
Жеффри Сакс — замонавий иқтисодиёт ва глобал ривожланиш соҳасидаги энг таниқли мутахассислардан бири, Колумбия университети Барқарор ривожланиш маркази директори, БМТнинг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи президенти, шунингдек, БМТнинг уч нафар Бош котибига махсус маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Унинг Ўзбекистонга ташрифи “The Marco Polo Drive of Peace, Culture and Sustainable Development” халқаро ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус Римдан Гонконггача тарихий Буюк ипак йўли йўналиши бўйлаб ташкил этилган 43 кунлик экспедиция бўлиб, Евросиё ўзаро боғлиқлиги, барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик ғояларини илгари суришга қаратилган.
Профессор экспертлар олдидаги нутқида жаҳон иқтисодиётидаги трансформация жараёнлари, Евросиёнинг шаклланиб бораётган меъморчилигида Марказий Осиёнинг ўрни ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўз қарашларини баён этди.
Ж.Сакснинг таъкидлашича, бугунги кунда жаҳон туб иқтисодий ўзгаришлар босқичини бошдан кечирмоқда. Хусусан, жаҳон иқтисодиётининг маркази босқичма-босқич Евросиё сари силжиб, Марказий Осиёнинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи макон сифатидаги тарихий ўрнини қайта тикламоқда. Профессорнинг қайд этишича, бундан бир неча ўн йиллар аввал жаҳон иқтисодий маркази Атлантика минтақасида жойлашган бўлса, бугунги кунда у «Ўзбекистонга жуда яқин ҳудудда» шаклланмоқда.
Унинг фикрича, Осиёнинг жадал ривожланиши «замонамизнинг энг муҳим иқтисодий жараёни» бўлиб, айнан ушбу омил савдо, инвестициялар ва транспорт ўзаро боғлиқлигининг янги йўналишларини белгилаб бермоқда.
Профессорнинг таъкидлашича, мазкур шароитда Ўзбекистон Евросиёнинг етакчи транспорт-логистика, инвестиция ва туризм марказларидан бирига айланиш учун ноёб тарихий имкониятга эга. «Жаҳон иқтисодиётининг марказида бўлиш – бу улкан тарихий миссиядир», — деди у.
Профессор мамлакатнинг тарихий шаҳарлари унда алоҳида таассурот қолдирганини ҳам қайд этди. У Хива, Бухоро ва Самарқандни «мутлақо бетакрор ва сеҳрли масканлар» деб атаб, айнан шу ҳудудларда асрлар давомида Евросиёнинг ноёб маданий макони шаклланганини таъкидлади.
Ж.Сакс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини эътироф этар экан, мамлакатга нисбатан халқаро бизнес доираларининг қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Тошкент Евросиё транспорт йўлаклари бўйлаб фаолият юритишга манфаатдор халқаро компаниялар учун минтақавий штаб-квартираларни жойлаштириш марказига босқичма-босқич айланиб бормоқда. Бунинг тасдиғи сифатида у Миллий инвестиция жамғармасига инвесторларнинг юқори қизиқишини ҳамда акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (ИПО) жараёнида обуна ҳажми таклиф этилган акциялар миқдоридан сезиларли даражада юқори бўлганини қайд этди.
Мамлакатнинг истиқболдаги тараққиёт йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, профессор Хитойнинг Made in China 2025 дастури тажрибасига ўхшаш тарзда узоқ муддатли «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» (Made in Uzbekistan) саноат стратегиясини илгари суришни таклиф этди.
Унинг фикрича, мазкур стратегия келгуси 10–15 йил давомида мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлигини таъминлай оладиган устувор тармоқларни белгилаб бериши лозим.
Профессор замонавий саноат, логистика, молиявий хизматлар, инновациялар ҳамда электромобиллар ишлаб чиқаришни устувор йўналишлар сифатида қайд этиб, Ўзбекистон бугуннинг ўзида Марказий Осиёнинг энг йирик саноат маркази сифатида ушбу соҳаларда етакчиликни қўлга киритиш учун барча зарур салоҳият ва шарт-шароитларга эга эканини таъкидлади.
Унинг баҳолашича, бугунги кунда Ўрта коридор Европа ва Осиёни боғловчи энг муҳим транспорт йўналишларидан бирига айланмоқда. Инфратузилмани, жумладан, Каспий денгизи орқали кўприк қуриш лойиҳасини амалга ошириш мазкур йўналишни энг тезкор ва самарали транспорт йўлагига айлантириш имконини беради.
Профессор СМТИ экспертлари билан Марказий Осиёнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашар экан, минтақа давлатларининг ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларини алоҳида эътироф этди.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё босқичма-босқич нафақат сиёсий мулоқот, балки умумий институтлар ва ҳамкорлик механизмлари асосида шаклланаётган мустақил минтақавий ҳамжамиятга айланиб бормоқда.
«Минтақа давлатлари фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмаяпти. Улар минтақавий институтлар, таҳлилий марказлар ва илмий-тадқиқот муассасаларини ташкил этмоқда, умумий минтақавий энергетика стратегияларини ишлаб чиқмоқда ҳамда ягона минтақавий дипломатияни ривожлантирмоқда», — деди профессор.
Ж.Сакс Марказий Осиё давлатлари томонидан амалга оширилаётган очиқлик, кўп векторли ташқи сиёсат ҳамда ташқи алоқаларни диверсификация қилиш йўлини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг фикрича, Марказий Осиё геосиёсий рақобат майдонига айланмасдан, ўз тараққиёт кун тартибини мустақил равишда шакллантириши лозим.
Минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий ташаббус сифатида эксперт қўшма инфратузилма, энергетика ҳамда илмий-технологик лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун минтақанинг ўз молиявий институти вазифасини бажарадиган Марказий Осиё тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.
Шунингдек, иқтисодчи Марказий Осиёда транспорт ўзаро боғлиқлигини янада ривожлантириш, қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, минтақанинг ягона энергетика маконини шакллантириш ҳамда илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар йўналишида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдори эканини билдирди. Унинг фикрича, минтақанинг беш давлати томонидан илм-фан ва инновацияларга йўналтириладиган қўшма инвестициялар технологик тараққиёт сифати ва кўламини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Профессор устувор йўналишлардан яна бири сифатида Марказий Осиёнинг Жанубий Кавказ ва Афғонистонни ўз ичига олган қўшни минтақалар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Бунда у барқарор дипломатия ва иқтисодий интеграциянинг муҳим асоси сифатида «минтақа – минтақа билан» тамойилининг аҳамиятига алоҳида урғу берди.
Сўзининг якунида Ж.Сакс минтақавий бирлик, очиқлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда Евросиё ўзаро боғлиқлиги имкониятларидан самарали фойдаланиш уйғунлиги Марказий Осиёга XXI аср жаҳон иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаш имконини беришини таъкидлади.
ЎзА