Президент қарори амалда: иш ҳам бор, даромад ҳам бор
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида "Бир контур – бир маҳсулот" тамойили асосида маҳсулот етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида 152 гектар ер майдони 352 нафар ёшларга 30–50 сотихдан тақсимлаб берилди. Молиявий имконияти чекланган ёшларга тижорат банклари орқали имтиёзли кредит ажратилди.

Фермер Камолиддин Хонтўраев 50 сотих ерда “Оби наввот” навли қовун етиштиришни бошлади. Ҳозирги кунда 18 гектар ҳудудда 36 нафар ёш томонидан “Оби наввот”, “кўкча”, “амири” ва “оқ уруғ” каби қовун навлари парваришланмоқда. Мавсум якунига қадар 50-60 миллион сўм миқдорида соф даромад олиниши кутилмоқда.
– Ер ажратилиши, банк кредити, маҳаллий мутахассислар ва агрономларнинг амалий ёрдами туфайли бугунги натижаларга эришдик, – дейди лойиҳа иштирокчиси Ҳамдам Ашуров. – 18 гектар майдонда етиштирилган қовун “Тошкент–Термиз” М–38 халқаро йўл бўйида ташкил этилган бозорда ҳамда даланинг ўзида улгуржи харидорларга сотилмоқда. Бу логистика харажатларининг камайиши ва ишлаб чиқарувчилар соф даромадининг ошишига хизмат қилмоқда.

Туман ҳокими ёрдамчиси Ёрбек Мавлоновнинг сўзларига кўра, ҳудуднинг бошқа контурларида ҳам “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка, пиёз ва бошқа турдаги экинлар парвариш қилинмоқда. Маҳсулотларнинг катта қисми даланинг ўзида, қолгани эса бозорларда сотилмоқда.

Лойиҳани амалга оширишда тупроқ-иқлим шароити, бозордаги талаб, кластер ва кооперация имкониятлари, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш салоҳияти ҳисобга олинган. Натижада, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида фаолият юритаётган ёшлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири