Прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва миллат генофондини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда прекурсорларнинг муомаласига чек қўйиш ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, яширин нарколабораторияларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда прекурсорлардан фойдаланиш ҳолатлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётгани мазкур соҳада ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Бу фикрлар Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
– Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги норма киритилмоқда, – деди Сенат аъзоси Зумрад Бекатва. – Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилганда Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.

Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ушбу тоифадаги ишларнинг тегишлилиги ва уларни кўриб чиқиш ваколатларини аниқ белгилашга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун прекурсорларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш, синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилишига қарши курашиш самарадорлигини оширади. Айниқса ёшларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатда наркотик воситалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф айланмасига қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА