“Президент ҳожилари” зиёратдан қайтишди
Жорий йилдаги мавсумда Ҳаж сафарига борган ҳамюртларимизнинг илк гуруҳи, хусусан, улар сафида "Президент ҳожилари" доирасида 100 нафар зиёратчи муборак диёрда қутлуғ амалларни тўлиқ адо этиб, юртимизга эсон-омон қайтиб келишди. Улар орасида Наманган вилоятидан олти нафар ватандошимиз ҳам ҳожилик рутбасига эга бўлди.
Эътироф этиш жоизки, Янги Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида саодатли дамларда 15 мингдан зиёд ватандошларимиз Ислом оламидаги бешиничи муқаддас арконни бажардилар. 2026 йил тарихда илк бор жорий этилган “Президент ҳожилари” дастурига кўра, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган уламолар, нуронийлар, маҳалла фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари муборак сафарга боришди.

Нурли ва файзли юзларида Ватан соғинчи намоён бўлган наманганлик ҳожиларни Поп тумани вокзалида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, имом-домлалар, нуронийлар ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари эҳтиром ила кутиб олишди. Зиёратчилар махсус замонавий маршрутда Давлатобод туманидаги “Муҳаммад Ал-Амин” жомеъ масжидига яқинлари даврасига ошиқдилар.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими масъул ходими Абдурашид Болтабоев, вилоят бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов сўнгги йилларда юртимизнинг қадимий тарихи ва бой маданий қадриятларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий меросини, ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби ноёб обидалар бунинг ёрқин далилидир.
Она Ватан бағрига соғ-саломат қайтиб, яқинлари билан дийдорлашган ҳожиларимизнинг юз-кўзларида шукроналик, мамнунлик ҳисси дилларга янада хурсандчилик улашди.

– Суягимиз далада қотган, узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалиги тизимида ҳисобчи-тафтишчи сифатида ишладим. Кейинчалик кўчабоши фаоли сифатида маҳалламда бунёдкорлик, ободонлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга яқиндан кўмак бериб келяпман, – дейди Чортоқ тумани Ласкидон маҳалласида яшовчи Абдувоҳид Ғофуров. – Бирдамлик кўчаси бугунги кунда вилоятимизнинг энг яхши обод ҳудудларидан бирига айланган. Ўттизга яқин хонадонлар, кўчамиз атрофидаги кўзни қувнатувчи арчазор ва гулзорлар кишида ҳавас уйғотади. Инсон қадрини юксак даражада улуғлаётган Юртбошимиздан беҳад миннатдорман. Камтарона меҳнатларимиз эъзозланиб, 59 ёшимда анчадан бери етолмай юрган орзуим ушалиб, Ҳаж зиёратини адо этиш насиб қилди. Муаззам жойларда ҳар бир қадамда кўрсатилган меҳр ва ғамхўрликни ҳис этдик. Дунёнинг кўпгина давлатларидан келган мусулмонлар ўзбекистонлик зиёратчиларга яратилган шарт-шароитларга ҳавас қилишди.
Бу йилги Ҳаж мавсуми сифат ва мазмун жиҳатдан файзли, шукуҳли ва муваффақиятли ўтди. Зиёратчиларимиз Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада Ислом оламидаги улуғ амалларни рисоладагидек адо этдилар. Айниқса, ибодатларни уюшқоқлик билан ташкил этиш, меҳмонхоналар, Мино, Арафот, Муздалифа водийларидаги қулайлик ва имкониятлар, тиббий ва транспорт хизматлари барчани мамнун этди.
Муборак диёрда Ҳаж арконларини ихлос билан бажарган зиёратчилар сафар давомида меҳнатсевар халқимиз ва фидойи миллат етакчиси ҳақига дуолар қилиб келишди. Ҳожиларимиз ушбу улуғ кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, бундан кейин ҳам Ватанимиз равнақи, элимиз фаровонлиги ва осойишталиги йўлида муносиб ҳисса қўшишларини таъкидлади. Дарҳақиқат, юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимиз келгусида эзгулик ва маърифат тарғиботчилари сифатида жамоат ишларида фаол бўладилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА