Пресс-тур: тупроқ таҳлили ва рақамли технологиялар
Дастурхонимизга кириб келаётган ноз-неъматларнинг сифати, биринчи навбатда, улар етиштирилган ернинг жонли қуввати ва тупроқнинг экотабиий ҳолатига боғлиқдир.
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун Агрокимё ва тупроқ таҳлили марказига уюштирилган пресс-тур ана шундай долзарб масалаларнинг амалий ечими билан яқиндан танишиш имконини берди.
Бугунги кунда ерни тинглаш, унинг дардини илмий асосда англаш ва рақамли технологиялар орқали бошқариш босқичига қатъий қадам қўйилган бўлиб, бу жараён марказ тизимида фаолият юритаётган жами ўн тўртта замонавий синов лабораториясининг фаолиятида яққол намоён бўлмоқда.

Мазкур лабораторияларнинг ҳар бир йўналиши мамлакатимиз агросаноат мажмуасининг хавфсизлигини таъминловчи ўзига хос қалқон ҳисобланиб, жумладан, тупроқ таҳлили орқали ернинг агрокимёвий ҳолати ва ҳосилдорликни белгиловчи озуқа моддалари билан таъминланганлик даражаси аниқ лаборатория хулосаларига асосланиб ўрганилади, минерал ўғитлар ва пестицидлар таҳлили эса қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган ҳар бир кимёвий воситанинг сифати ҳамда белгиланган стандартларга мувофиқлигини баҳолаб, еримизни кераксиз заҳарли моддалардан асрайди.
Шу билан бирга, токсикологик таҳлил белгиланган назорат доирасида пестицидлар, нитратлар ва оғир металлар каби инсон саломатлиги ҳамда табиат учун жиддий хавф туғдирувчи моддаларнинг мавжудлигини чуқур текширса, радиологик назорат тупроқ ва унга туташ объектларда тегишли кўрсаткичларни доимий равишда кузатиб боради. Ушбу тўртта фундаментал йўналиш қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ресурслар сифатини холис баҳолаш, келажакдаги таҳликаларнинг олдини олиш ва илмий асосланган қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли маълумотлар базасини шакллантиради.
Тадбир чоғида журналистлар эътиборини тортган энг муҳим жиҳатлардан яна бири соҳага рақамли технологияларнинг шиддат билан кириб бораётгани бўлди. Агрокимёвий таҳлил натижаларидан деҳқон ва фермерлар самарали фойдаланиши учун махсус Uzagrolab.uz электрон платформаси яратилган ва бу борада улкан натижаларга эришилган.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022–2026 йилларда республика бўйича 284 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонининг агрокимёвий хаританомалари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб рақамлаштирилган бўлиб, мамлакат бўйича жами суғориладиган майдонлар 328 миллион гектарни ташкил этиши ҳисобга oлинса, бугунги кунга келиб рақамли хаританомалар яратилган майдонлар умумий кўрсаткичнинг тахминан 87 фоизига етганини кўрсатади. Бу ердан фойдаланишда кўр-кўрона иш тутиш даври ортда қолаётганидан далолат бериб, янги рақамли хаританомалар тупроқнинг агрокимёвий ҳолатини аниқ майдонлар кесимида баҳолаш, қайси ерга қандай озуқа моддаси етишмаётганини кўриш ҳамда келгуси ўғитлаш ишларини илмий асосда режалаштириш имконини беради. Платформада фосфор, калий ва гумус кўрсаткичлари бўйича тайёр хаританомалардан фойдаланиш имконияти яратилгани тупроқ ҳақидаги маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланишни мислсиз даражада енгиллаштирди.
Агрокимё ва тупроқ таҳлили марказида ташкил этилган ушбу пресс-тур шуни кўрсатдики, бугунги кунда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар аниқ илмий ҳисоб-китоблар, лаборатория тадқиқотлари ва замонавий рақамли ечимларга асосланган ҳолда изчил амалга оширилмоқда. Ерга меҳр ҳамда илм билан ёндашилган жойда албатта мўл ҳосил, тўкин дастурхон ва соғлом авлод бўлиши муқаррардир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА